Агросаноатда ишлаб чиқариш суръати жадаллашмоқда

Агросаноатда ишлаб чиқариш суръати жадаллашмоқда
24.kz

Қозоғистон агросаноат мажмуасида маҳсулот етиштириш суръати ошмоқда. 2020 йилда республика озиқ-овқат хавфсизлиги глобал рейтингида 113 давлат ичида 32-ўринни эгаллади. Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи давлатларига нисбатан олганда эса мамлакат биринчи поғонага чиқди. Бу ҳақда Парламент палаталари қўшма йиғилишида ҳукумат раҳбари Асқар Мамин маълум қилди. Унинг билдиришича, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар доирасида 29 асосий товар бўйича республикада 59 та лойиҳа рўёбга чиқарилган. 48 та сут-товар фермаси, 3 та гўшт комбинати ва 8 та янги парранда фабрикаси очилди. Улар жами 220 минг тонна маҳсулот берган.

Асқар Мамин, Қозоғистон Республикаси Бош Вазири:

- Коронакризис давомида агросаноат мажмуаси миллий иқтисодиёт барқарорлигини мустаҳкамлаш учун муҳим факторлардан бирига айланди. Қишлоқ хўжалигига киритилган инвестиция миқдори 15 фоизга, озиқ-овқат ишлаб чиқаришга киритилгани 13,5 фоизга ошди. 20,1 миллион тонна дон ва дон-дуккакли экинлар ҳосили йиғиб олинди, дон сифати 80 фоизга кўтарилди — бу эса сўнгги 5 йил ичида энг юқори кўрсаткич.

Ҳукумат раҳбари таъкидлашича, 2020 йилда миллий иқтисодиётни саноатлаштириш доирасида агросаноат мажмуаси, металлургия, қурилиш саноати, машинасозлик ва кимё саноатида 200 дан зиёд лойиҳа рўёбга чиқарилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси

×