Олимлар янги ўсимлик турларини аниқлашди

Олимлар янги ўсимлик турларини аниқлашди

Жорий йилда Қозоғистон Ботаника боғи олимлари яна еттита янги ўсимлик турини кашф қилишди. Шулардан бештаси мамлакат бўйлаб амалга оширилган экспедиция давомида, қолгани архивларни ўрганиш орқали аниқланган. Ботаника боғи олимлари янги ўсимликлар топиш учун йилига бир неча марта минтақаларга сафар қилади.

Серик Кубентаев, ботаника боғи лабораторияси мудири:

- Яқинда гербарий тўпламларини кўриб чиқиш пайтида Қозоғистон флорасига оид иккита янги турдаги орхидея аниқланди. Яъни бу ишлар халқаро лицензияланган журналда эълон қилинди.

Намуналар ҳозир хорижга юборилган. Олимлар таъкидлашича, гербарий жамғармалари ўсимликлардаги ўзгаришлар ва уларнинг миграциясини кузатиш имконини беради. Пойтахт коллекцияси тўплана бошланганига кўп бўлмади. Атиги икки йил муқаддам унинг устидаги иш бошланган. Биргина стеллажда 10 минг нусхадан зиёд материал тўпланган. Улардан кўп қисми бошқа Ботаника боғларидан совға сифатида берилган. Энг эски нусхалар эса 19-асрга оид. Гербарийларнинг асосий қисми 20-асрда тўпланган. Улар яхши сақланган.

Данияр Алибеков, ботаника боғи илмий ходими:

- Бу ерга 50-йиллар гербарийси қўйилган. Гербарийга ҳақиқий писта киритилган. У Қозоғистон Қизил китобидан жой олган. Қимматли ёнғоқ мевали ўсимлик.

Қозоғистон флорасида олти мингдан зиёд ўсимлик турлари бор. Пойтахт гербарий жамғармасида уларнинг ярми тақдим этилган. Баъзи ўсимликларнинг турли минтақаларда яшовчи бир қанча нусхалари қўйилган.

Абдумалик Сарманов таржимаси