Ҳар бир хорижлик сайёҳ учун субсидия ажратилади

Ҳар бир хорижлик сайёҳ учун субсидия ажратилади
almaty-akshamy.kz

Чет эллик туристлар оқимини кенгайтириш. Қозоғистонга саёҳат учун келган ҳар бир чет эл фуқароси учун мамлакатдаги операторлар субсидия оладиган бўлди. Бу ҳақда мамлакат Туризм саноати қўмитаси раиси Дастан Риспеков маълум қилди. Унинг айтишича, Қозоғистон ҳудудидаги диққатга сазовор ерларни айланишга келган ҳар бир сайёҳ учун ҳукумат 15 минг тенге субсидия ажратади. Фақат бу саёҳатчилар камида 5 кун шу ерда қолиши керак.

Дастан Риспеков, Қозоғистон Республикаси Туризм саноати қўмитаси раиси:

- Туроператорлар тушган маблағни ўз хизмати ва мамлакат туристик салоҳиятини тарғиб этиш мақсадида халқаро кўргазмаларда қатнашиш учун сарфлаши мумкин. Натижада, ўзаро алоқалар доираси кенгаяди, Қозоғистонга янги сайёҳ жалб этиш учун шартнома имзолай олади.

Туристик соҳа инфратузилмаларини янгилашга қаратилган лойиҳалар ҳам қўллаб-қувватланади. Ижтимоий туристик минтақаларга маблағ киритган инвесторга енгилликлар берилади. Улар корпоратив даромад солиғи ва ҚҚСдан озод қилинади.

Дастан Риспеков, Қозоғистон Республикаси Туризм саноати қўмитаси раиси:

- Инвесторларни жалб этиб, уларни қизиқтириш учун қонун доирасида енгилликлар кўзда тутилган. Бунга эришиш учун камида 200 минг ойлик ҳисоб кўрсаткичи миқдорида инвестиция киритилиши керак. Ваҳоланки, бошқа соҳаларда бу кўрсаткич ўн марта кўп. Икки миллион ойлик ҳисоб кўрсаткичига тенг.

Умуман олганда, келгуси 5 йилда Қозоғистонда туристик соҳада жами қиймати 164 миллиард тенгени ташкил қилувчи турли лойиҳалар режалаштирилган.

Абдумалик Сарманов таржимаси

×