Қозоғистонлик аскарлар хоки ватанига қайтарилди

Қозоғистонлик аскарлар хоки ватанига қайтарилди

Улуғ Ватан урушида ҳалок бўлган 4 нафар қозоғистонлик хоки ватанига қайтарилди. Бугун Нур-Султонда қирқинчи йилларда бедарак йўқолган аскарларнинг яқинлари иштирокида тантанали тадбир ўтказилди. Изтопарлар айтишича, Россияга қилинган навбатдаги экспедицияда топилган аскарларнинг кимлиги уларнинг исми ёзилган медальон воситасида аниқланган.

Мурат Мўлдағалиев, «Atamnyn Amanaty» жамоат ташкилоти раиси:

- Уч нафари Ақмўла, биттаси Қарағанди вилоятидан. Иккита аскарнинг қизи ҳаёт экан, улар 83 ёшда. Бу янгиликдан жуда руҳланишди, чунки оталари урушга кетганидан буён улар ҳақидаги хабарни сабрсизлик билан кутганлар. Ўша пайтда улардан бири 2, иккинчиси 3 ёшда бўлган. Биз боболаримиз, катта боболаримиз, оталаримиз урушдан қайтиши, номи оқланиши учун имкон қадар ҳамма ишни қилишимиз зарур. Чунки жангчи учун бедарак йўқолиш мудҳиш интиҳо.

Таъкидлаш лозимки, МДҲ ҳудудида изтопарлар фаолияти давом этяпти. Бугунги кунда фаол жамоатчилар туфайли ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган минг нафардан зиёд ватандошимиз хоки топилди. Ўн минглаб аскар ҳалигача хоки топилмаган. 4 миллиондан зиёд одам ўз яқинларини қидиряпти.

Абдумалик Сарманов таржимаси