Қурилиш соҳасида 79 лойиҳа рўёбга чиқарилади

Қурилиш соҳасида 79 лойиҳа рўёбга чиқарилади

Қозоғистонда қурилиш ва уй-жойларни фойдаланишга топширишда юксак суръатлар кузатилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, сўнгги 5 ой ичида тегишлича 11,3 ва 12 ярим фоиз ўсиш қайд этилди. Айни вақтда, ҳукумат импорт ўрнини тўлдириш масаласи устида ҳам иш олиб боряпти. Шу жумладан, янги корхоналар очилиши билан бир қаторда мавжуд заводлар ишлаб чиқариш қувватини ошириш ҳам режалаштирилган. Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазири Бейбут Атамқулов ҳукумат йиғилишида шу ҳақда маълум қилди. Вазирнинг айтишича, уй-жой қурилиши суръатлари ошиши туфайли материалларга эҳтиёж ортган. Ҳозир бозорларда барқарор нархларни тутиб туришга эҳтиёж туғилди. Шунинг учун 2025 йилгача республикада яна 80 тача янги корхона барпо этилади.

Бейбут Атамқулов, Қозоғистон Республикаси саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазири:

- «Nur Otan» партияси сайловолди дастурига мувофиқ, 5 йил ичида 103 миллион квадрат метр уй-жой қурилади. Янги бинолар қурилиши суръатини ҳисобга олган ҳолда мавжуд корхоналар қувватини ошириш ва янги илғор инвестициявий лойиҳаларни рўёбга чиқариш зарур. Бу эса соҳанинг импортга эҳтиёжини камайтиради. 2021-2025 йилларда рўёбга чиқарилаётган 79 та лойиҳанинг 22 таси импорт ўрнини босувчи материаллар ишлаб чиқаришга йўналтирилган. Мамлакатни керамик плитка, иссиқликни тутиб турадиган минерал ғилофлар, ёғоч плита ва бошқалар билан таъминловчи корхоналар очилиши режалаштирилган.

Абдумалик Сарманов таржимаси