Миллий музейда Олтин Ўрда тарихига бағишланган зал очилди

Миллий музейда Олтин Ўрда тарихига бағишланган зал очилди

Олтин Ўрда – қозоқ давлатчилиги бешиги. Зеро, Жўжи улусининг сўнгги ворислари Қозоқ хонлигини бошқарган. Қозоғистон Миллий музейида Улуғ улуснинг оёққа туриши, гуллаб-яшнаши ва икки асрдан зиёд давом этган тарихига бағишланган зал очилди. Унда этник, генетик, антропологик, маданий ва сулолавий, фольклор ва жўғрофий далиллар келтирилган. Улар қаторида қозоқ хонлари расмий ҳужжатлари нусхалари, хорижий архивлардан топилган ёзишмалари, Улуғ улус байроғи, шунингдек, ичида Жўжи авлодлари генеалогияси ҳам бўлган ноёб артефактлар қўйилган. Тарихчилар маълумотига кўра, Олтин Ўрда ерларининг кўп қисми замонавий Қозоғистон ҳудудида бўлган. 23 қозоқ уруғи эса Жўжи улусини фаол қўллаб-қувватлаган. Таъкидлаш жоизки, Миллий музейда янги зал очилиши Қозоғистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланди.

Берик Абдиғалиули, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси депутати:

- Биз Олтин Ўрда – Жўжи улусининг тарихий ворисларимиз. Умумий тарих бу. Жўжи улуси пойтахти Улитау, Сарайшиқда бўлган. Қаранг, бу ерда турли давлатларнинг ривожланиш солномаси бор. Шу ерда Қрим ва Қозон татарлари, нўғайлар ҳақида ҳам маълумот бор. Мазкур зал келгусида экспонатлар билан тўлдириб борилади, олдинда катта ишлар турибди.

Гизат Табулдин, тарихчи:

- Жўжи улуси - Россия, Шимолий Кавказ, Туркистоннинг жанубий ва шарқининг бир қисмини ўз ичига олган империядан кейинги давлат. Ушбу залда ўша давр учун муҳим бўлган белгилар кўрсатилган. Олтин Ўрда даври турлича кечгани сир эмас. Асосий эътибор, диққат марказида турган нарса мазкур салтанатнинг қозоқ давлатчилиги ва қозоқ этноси шаклланиши учун асос бўла олганига қаратилган.

Абдумалик Сарманов таржимаси