Қозоғистонда болалар учун бепул авиабилетлар жорий этилиши мумкин

Қозоғистонда болалар учун бепул авиабилетлар жорий этилиши мумкин
inbusiness.kz

Болалар бепул саёҳат қилади. «Kids go free» дастурига кўра, 2-14 ёшдаги қозоғистонликларга мамлакатнинг энг оммалашган туристик жойларига бориш учун бепул авиабилетлар тақдим этилиши мумкин.  Ишланма муаллифлари фикрича, мазкур дастур қозоғистонликлар таътилини ўз ватанида ўтказишига рағбат беради. Болалар учун бериладиган бепул авиабилетлар ўртача оила саёҳат бюджетини 30 фоизгача қисқартириш имкониятини яратиб беради. Натижада, мутахассислар фикрича,  «Kids go free» дастури ички туризмни ривожлантиришга улкан туртки бера олади.

Дмитрий Кручинин, турфирма менежери:

- Мазкур дастур Алакўл, Балхаш, Бурабай, Бойқўнғир, Туркистон каби минтақаларда туризм ривожланишига хизмат қилади. Менинг фикримча, бутун оила жамланиб саёҳат қилиш имконияти туғилса, болалар учун бепул авиабилет тақдим этилса, фуқароларимиз учун жуда қизиқарли бўларди. Чунки Қозоғистонда оилалар катта, ҳатто икки катта одам ва икки бола учган тақдирда ҳам билетлар анча қиммат. Дастур ишга туширилса, кўпчилик туристик маҳсулотимизни олишни истайди.

Таъкидлаш жоизки,субсидиялаш «1+2» - яъни тасдиқловчи ҳужжатлар бўлган тақдирда самолётга ўтираётган ота-оналардан ҳар бирига  иккита бола шаклида берилиши режалаштириляпти. «Kidsgofree» бир фарзандли оилалар учун ҳам, кўп болали оилалар учун ҳам қўлланилиши мумкин. Буюк Британия, Қатар, Cкандинавия давлатлари ва Таитида ҳам шундай амалиётдан кенг фойдаланилади.

Дмитрий Кручинин, турфирма менежери:

- Нимаси биландир фарқ қилиши мумкин, нимаси биландир ўхшайди. Мазкур дастур ишга тушганида, биз халқаро туроператорлар қандай иш тутиши ва бизда қандай шаклда амалга оширилишини тушуниб оламиз.

Маданият ва спорт вазирлигида таъкидланишича, дастур Сенатга юборилган, туристик фаолият тўғрисида қонун қабул қилингач, тасдиқланиши кутиляпти.

Абдумалик Сарманов таржимаси

×