Алихан Бўкейханов – 155 ёшда

Алихан Бўкейханов – 155 ёшда

У қозоқ зиёлиларининг бутун бошли авлодини тарбиялаб, етиштирган. Умрини ватани учун сарфлаган, қадрдон халқи фаровонлиги учун кўп меҳнат қилган. Бугун «Алаш» ҳаракати етакчиси Алихан Бўкейханов таваллудига 155 йил тўлди. Сиёсатчи кўпқиррали шахс бўлган. У иқтидорли олим, публицист, иқтисодиёт, сиёсат, ҳуқуқ, тарих ва адабиётга оид кўплаб асарлар муаллифи эди. Энциклопедист олим этнографияга ҳам қизиққан, дунё олимларининг кўплаб асарларини қозоқ тилига ўгирган. Бундан ташқари, Бўкейханов қозоқ тарихида илк марта «Алаш» сиёсий партиясини тузди ва унга раҳбарлик қилди. Олимлар фикрича, унинг ҳаётини ватани ва юртдошларига қилинган беғараз хизмат намунаси, дейиш мумкин. Улар буюк инсон меросини оммалаштириш, ёш авлодда ҳам ундаги хислатлар - ватанпарварлик ва илмга интилишни шакллантириш керак, деб ҳисоблайди.

Султанхан Жусип, Евроосиё миллий университети «Алаш» маданий-маърифий ривожланиш институти директори:

- Биринчи навбатда, биз Алихан Бўкейхановнинг кўпқиррали фаолияти ва мероси тўғрисида бадиий фильм суратга олишни таклиф қилардик. Шахсий ҳаёти тўғрисида ҳужжатли фильмлар яратиш мумкин. «Алаш» партияси сиёсати, ғоялари тўғрисидаги китоблар қозоқ, инглиз, украин, француз ва бошқа тилларда чоп этилиши даркор. Биз тарихий фактлар келтирилган китоблар ёзишимиз зарур. Агарда ҳар бир туман марказида Алихан Бўкейханов ва бошқа партия арбобларига мемориал тахтачалар ўрнатсак, хиёбонлар очсак, улар шарафига катта кўчаларни номласак – буларнинг ҳаммаси маънавий янгиланиш учун хизмат қилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси