Мамлакатда миграция муаммоси борми?

Мамлакатда миграция муаммоси борми?

Жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб, Қозоғистонда эмиграция ва иммиграция ҳисоби янгидан бошланди. Икки йиллик карантин чекловларидан сўнг давлат чегарасидаги ўтказув пунктлари тўлиқ очилди. Шундан буён республикага салкам 4 миллион нафар хорижлик кириб келган. Тахминан шунча одам мамлакатни тарк этган. Махсус брифингда Қозоғистондаги миграцияга оид вазият ҳақида сўз юритган Ички ишлар вазирлиги Миграция қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Аслан Аталиқов таъкидлашича, энг кўп – жами бир миллион етти юз минг мигрант Россиядан келган. Шундан 1 миллион 666 минг нафари чиқиб кетган. Ўзбекистондан салкам бир ярим миллион нафар фуқаро ташриф буюрган, шундан бир миллион 370 минги ортга қайтган. Қирғизистон, Тожикистон, Беларусь, Туркия ва Германиядан келганлар ҳам бор. Шу билан бирга, Қозоғистон улкан транзит имкониятларига эга. Кўплаб чет элликлар ватанимиз орқали бошқа давлатларга учиб кетади.

Аслан Аталиқов, Қозоғистон Республикаси ички ишлар вазирлиги миграция қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи, полиция полковниги:

- Миграция оқими катталиги Қозоғистон Россия федерацияси билан қўшнилиги ҳамда транзит имкониятлари катталиги билан боғлиқ. Фақат сентябрнинг сўнгги кунларида Қозоғистон орқали транзит йўл орқали 40 минг нафар россиялик фуқаро чиқиб кетган. Қўшни давлатлар – Қирғизистон ва Ўзбекистон орқали бошқа давлатларга кетаётганлар кўп. Атиги 5 кун ичида 6 минг нафар Россия фуқароси аэропортларимиз орқали парвоз қилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.