Қозоғистонда юк ташув ҳажми ортмоқда

Қозоғистонда юк ташув ҳажми ортмоқда

Қозоғистонда юк ташув ҳажми ортиб бормоқда. Январь-февраль ойларида темирйўл фаолияти 10 фоизга кенгайди ва 70 миллион тоннадан зиёд маҳсулот етказиб берилди. Транзит юк ташуви эса 20 фоизга, контейнерлар миқдори 12 фоизга ортган. Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазири Қаирбек Ускенбаев таъкидлашича, бу кўрсаткич ўсиб боради. Вазирлик келгусида беш мартагача кўп юк ташилишини режалаштирган.

Қаирбек Ускенбаев, Қозоғистон Республикаси Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазири:

- Жорий йилда темирйўл орқали юк ташув умумий ҳажмини 420 миллион тоннага, транзит ташувларни 24,5 миллион тоннага, контейнер транзитини 1 миллион 100 мингтагача етказиш ниятидамиз. Ҳозир транзит юкларнинг 90 фоизи темирйўл транспорти орқали ташиляпти. Мамлакат транзит-транспорт салоҳиятини ривожлантиришнинг асосий рақамлари «Кучли минтақа – мамлакат тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучи» дастури доирасида кўрсатилган.

Вазир таъкидлашича,  2025 йилгача транзит ташувлар ҳажмини 30 миллион тоннага етказиш мўлжалланган. Бунинг учун ҳозирдан ҳаракат қилиш керак. Шу тариқа, кенг кўламли режаларни рўёбга чиқариш учун темирйўл инфратузилмаси қурилади, ҳаракатланувчи таркиблар янгиланади, муқобил йўналиш ва халқаро йўлаклар ривожланади. Қаирбек Ускенбаев қўшимча қилишича, жорий йилда «Қозоғистон темир йўллари» 1 минг 500 юк вагони харид қилади. Денгиз орқали, шу жумладан, Транскаспий халқаро йўналишини ривожлантириш доирасида юк ташувини кенгайтириш учун «Ақтау денгиз порти» эркин иқтисодий зонасида «контейнер хаби» яратиш, савдо флотига янги паромлар харид қилиш мўлжалланган.

Абдумалик Сарманов таржимаси