Либосларда этник услуб оммалашмоқда

Либосларда этник услуб оммалашмоқда

Ақмўла вилоятида яшовчи ҳунармандлар қадимги қозоқ анъана ва одатларига қайта жон бахш этмоқда. Улар миллий услубда либослар тикади, рўзғор идишлари ва нодир буюмлар яратади. Барқит Бейсекова ёстиқ ва қуроқ кўрпа тикишда халқона ҳунарнинг барча қоидаларига амал қилади. Қозоқ нақшларида рангларни усталик билан уйғунлаштиради.

Барқит Бейсекова, ҳунарманд:

 – Бекор ўтириб ўрганмаганман, бўш вақтимда кийим тикаман, кашта тикаман. Қўл ҳунари севимли ишимга айланган. Ҳаммасини чизмасиз қиламан, имкон қадар барча анъанавий усулларни қўллашга ҳаракат қиламан. Айни пайтда неварамнинг сепи учун кўрпа-ёстиқ тикяпман. У ҳадемай турмушга чиқади.

Яна бир ҳунарманд - Индира Бўкаеванинг этноуслубдаги буюмлари катта талабга эга. Айниқса, «тусау кесер» маросимига аталган, мураккаб технология ва майда тошлар билан безатилган болалар кийимлари жуда машҳур.

Индира Бўкаева, ҳунарманд:

 – Талаб катта. Кўпчилик инстаграмдаги саҳифамда ишларимни кўради. Ҳозирда ўқувчилар учун кийим тикяпман. Шундан мамнунманки, одамлар миллий услубдаги либослар ва буюмларга қизиқади. Қозоқ услубидаги либослар оммалашаётгани кишини қувонтиради.

Ақмўла вилояти усталар уюшмаси таркибида 800 нафарга яқин ҳунарманд бор. Улар ўз ишлари натижаларини ярмаркалар, кўргазма ва фестивалларда намойиш қилади. Ҳунармандлар учун тез-тез ҳар хил курслар, маҳорат дарслари ташкил этилади, миллий санъат сирлари баҳам кўрилади.

Гулбара Нурқанова, вилоят усталар уюшмаси раиси:

- Биз қўл ҳунари, каштачилик билан шуғулланиш баробарида мактаб ўқувчилари, коллеж талабалари ва ёш усталарни ҳам ўз сафимизга жалб этамиз. Улар учун машғулотлар ўтилади, ўз ҳунаримизни ўргатамиз.

Таъкидлаймиз, шахсий брендини яратишни, каштачилик ҳунарини бир умрлик ишга айлантиришни хоҳловчилар учун давлат томонидан грантлар ажратилиши кўзда тутилган.

Абдумалик Сарманов таржимаси