Уральскда ҳунармандлар маркази очилди

Уральскда ҳунармандлар маркази очилди

Уральскда ҳунармандлар маркази очилди. Эндиликда бу масканда исталган киши миллий амалий санъатнинг барча турлари билан танишиши мумкин. Мисол учун, Айдинбек Иманғалиев чармга қўлда нақш тушириш бўйича маҳорат дарси ўтади. Чарм билан ишлашда, дейди уста, асбоблардан ташқари батартиблик ва тоқатга ҳам эга бўлиш лозим. Айнагул Халиққизи эса намат босиш ҳунарини ўргатмоқда. Унинг айтишига кўра, кигиз кўп асрлик тажриба ва бадиий тасаввур уйғунлашган санъат асаридир.

Айнагул Халиққизи, уста:

– Овулларимизда қўй жуни сероб, мана шу хом ашёдан кўпгина маҳсулотлар тайёрласа бўлади. Зеро, бу бизнинг маънавий бойлигимиз, маданиятимиз, халқона ҳунар. Олдимизда кенг миқёсда намат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдек улкан вазифа турибди.

Бўтагўз Қанатова, намат устаси:

- Менимча, агар қўлингизда ҳунарингиз бўлса, албатта буни бошқаларга ҳам ўргатишингиз керак. Бизда очиқ мастер-класслар ўтказилади, уларда намат босиш, тўқувчилик, гобелен тайёрлаш ўргатилади. Нақш тушириш – санъатнинг алоҳида бир тури. Айтиш мумкинки, маҳсулотларимизга талаб ошиб бормоқда. Ва умид қиламизки, марказ очилгани анъаналарга қизиқиш уйғотади.

Янги ҳунармандлар марказида 20 нафар уста ишлайди. Уларнинг барчаси ўз ишини бошқаларга ўргатади. Бунинг учун истак ва мақсад бўлса, бас. Улар айтишича, асосий вазифа - қозоқ халқ маданий меросини, бой миллий колоритни оммалаштириш.

Басима Сарманова таржимаси