«Оператор РОП» утилизация йиғимини тўхтатди

«Оператор РОП» утилизация йиғимини тўхтатди

«Оператор РОП» энди утилизация йиғими олмайди. Ҳукумат тегишли қарор қабул қилди. Компания активлари давлат мулкига ўтказилди. Таъкидлаймиз, беш йиллик фаолият даврида утилизация йиғимидан тушган маблағ жами 614 миллиард тенгени ташкил қилган.

«Ишлаб чиқарувчиларнинг кенгайтирилган мажбуриятларини бошқариш вазифасини бажариш давлат ташкилоти – «Жасыл даму» АЖ зиммасига ўтказилди», дея изоҳ берган Ҳукумат матбуот хизмати.

Эслатамиз, қозоғистонликлар анчадан бери мамлакатда тасдиқланган автомобиллар учун утилизация йиғимига қарши норозилик билдириб келади, ҳатто 200 мингга яқин одам имзолаган тегишли петиция киритилган. Экспертлар утилизация тўлови 100 минг тенгедан ошмаслиги кераклигини билдиради. Лекин улар башоратига кўра, тўлов тарифлари қайт кўриб чиқилганида ҳам автомобиллар арзонлашмаслиги мумкин.

Эдуард Эдоков, мустақил автомобиль уюшмаси раиси:

- Афсуски, автомобиль баҳосидаги трендлар йилига 15 фоиздан 30 фоизгача ошади. Нарх барибир кўтарилади. Бу жаҳондаги умумий иқтисодий вазиятга, металл нархи ошганига боғлиқ. Электроника ва компонентлар етишмайди. Аммо утилизация тўлови пасайтирилиши баҳолар аввалгидек кескин ошмаслигини таъминлайди.

Арсен Шакуов, «Умумий йўл» йўл ҳаракати хавфсизлиги ассоциацияси президенти:

- Утилизация йиғими бекор қилиниши эски русумдаги машиналар келтирилиши муаммосини ҳал қилмайди. Яъни аҳоли учун янада сифатлироқ имтиёзли дастурлар яратиш керак, токи халқ янги машина харид қила олсин. Чунки одамлар ё бу ерда янги, лекин юқори классда бўлмаган машина сотиб олишни, ё хориждан эски бўлса-да, истаган классдагисини харид қилишни танлашига тўғри келади. Бизнинг вазифамиз - давлат аҳоли янги машина сотиб олишига кўмаклашиши мумкинлигини тарғиб қилиш. Мақсадимиз – кўп фарзандли оилалар, ёлғиз оналар, ногиронлар учун имтиёзли дастурлар ишлаб чиқиш.

Абдумалик Сарманов таржимаси