Икки бошли дўмбира - олимлар эътиборида

Икки бошли дўмбира - олимлар эътиборида

Қизил Ўрдада қадимий мусиқий чолғу асбоби – икки бошли дўмбира тақдим этилди. Топилма эрамизнинг 4-асрига оид. У 1973 йилда, Қизил Ўрда вилоятидаги ўрта асрларга оид шаҳар – Жети-асарда олиб борилган қазув ишларида қўлга киритилган. Асл нусха Москвадаги Давлат Шарқ музейида сақланмоқда.

Айгерим Бекқулиева, вилоят тарих-ўлкашунослик музейи бўлим мудири:

- Мамлакатимизнинг машҳур археологи Азилхан Тажекеев Россия музейига борди, махсус тадқиқотлар ўтказди, мусиқий асбобни топилган турли фрагментлардан тиклади. Бу буюм икки бошли дўмбира эканлигини аниқлади. Бу янгилик улкан илмий кашфиёт бўлди. Артефакт вилоятимизда топилгани сабабли музейда унинг нусхаси туриши керак, деб ҳисобладик.

Азилхан Тажекеев ўз асарларида икки бошли дўмбира топилгунича Монголияда топилган чолғулар энг қадимий чолғу асбоби саналиб келинганини ёзган. Лекин, олим фикрича, дўмбира эрамизнинг 7-асрига оид. Тажекеевнинг бу мавзудаги кўплаб асарлари қозоқ тилидан турли тилларга ўгирилган ва Европа, Исроил илмий журналларида чоп этилган.

Азилхан Тажекеев, тарих фанлари номзоди, PhD доктори:

- Бу мақола юқори рейтингга эга журналларда чоп этилган. Қозоғистон топилмаси Англиянинг Саффолк графлигидаги Саттон-Ху некрополидан топилган қадимий лирага монанд келади. Лекин Қозоғистондаги топилма инглизларникидан уч аср илгари яратилган. Чолғу асбобларининг жуда ўхшашлиги илм дунёсида шов-шувга сабаб бўлди. Бу заминимиздаги артефакт Европа билан боғланганини тасдиқлайди.

Машҳур топилма айнан Қизил Ўрда ерида қачонлардир анъанавий мусиқа санъати дунёга келганини яна бир марта тўлиқ тасдиқлайди.

Абдумалик Сарманов таржимаси