Мустақиллик йилларида 2 мингта мактаб қурилган

Мустақиллик йилларида 2 мингта мактаб қурилган

Мамлакат мустақиллигининг 30 йилида Қозоғистонда икки мингга яқин мактаб қурилган. 2025 йилга қадар яна мингта қурилади. Шунинг юздан зиёди давлат-хусусий бизнес ҳамкорлиги механизми доирасида барпо этилади. Бу ҳақда таълим ва фан вазири ўринбосари Бибигул Асилова маълум қилди. Айтишича, жорий йилда мамлакатда икки юздан зиёд янги мактаб фойдаланишга топширилган.

Бибигул Асилова, Қозоғистон Республикаси Таълим ва фан вазири ўринбосари:

- Ҳокимликлар билан бирга қайси кўчада, қайси аҳоли манзилида, қаердан жой ажратилгани, қайси йилда қаерда қандай мактаб қурилишини аниқ белгилаб олдик. Ҳокимликлар декабрь ойидан бошлаб, тегишли ҳужжатларни ишлаб чиқиши ва шу режа асосида объектлар қурилишини қатъиян таъминлаши шарт. Қозоғистон бўйича 101 та мактаб ва бугун ўзаро шерикликда қурилишига доир турли босқичдаги 31 та шартнома мавжуд, кимдир шартнома тузган, кимдир танлов эълон қилган.

Дарвоқе, мутахассислар айтишича, мамлакатда мактаблар қурилиши бундай жадал суръатда кетаётгани янги ўқувчиларнинг йирик оқими билан боғлиқ. Мисол учун, жорий йилда мактабларни 150 минг нафар битирувчи тамомлаган бўлса, 400 мингга яқин бола биринчи синфга қабул қилинган. Шу тариқа, 2025 йилга бориб, республикада қўшимча бир миллионтагача ўқувчи ўрнига эҳтиёж туғилиши мумкин. Давлат раҳбари томонидан бу муаммони олдиндан ҳал этиш топшириғи берилган, айни пайтда, давлат-хусусий бизнес ҳамкорлигига доир лойиҳаларнинг янги формати ишлаб чиқилган ва йўлга қўйилган.

Бибигул Асилова, Қозоғистон Республикаси Таълим ва фан вазири ўринбосари:

- Мустақиллик йилларида, умуман, мазкур стандарт механизм бўйича юртимизда фақат 4 та мактаб қурилган, яъни бу етарли эмас. Ўтган йили яхши-ёмон жиҳатлари ўрганилганида, Нур-Султон шаҳри билан ҳамкорликда таълимда давлат-хусусий бизнес лойиҳасининг янги механизмини ишлаб чиқдик. Мақсад – имкон қадар қисқа фурсатда барпо этиш, ҳужжат алмашиш сонини қисқартириш, иккита компонент жорий этилди.

Янги форматдаги давлат-хусусий бизнес механизмига маҳаллий ва хорижий инвестор ҳамда қурувчилар жалб қилинади. Давлат таълимий фаолиятни зиммасига олади, объектнинг техник эксплуатацияси билан эса хусусий шерик – қурувчи шуғулланади. Шартнома амал қилиш муддати тугаши билан

мактаб коммунал мулкка ўтади. Яна бир ижобий жиҳати, дейди мутахассислар, бундай ёндашув маҳаллий бюджетга юкламани ҳам камайтиради.

Хуршида Абдуллаева таржимаси