Назарбоев Университети талабалари халқаро танловда олтин медалга эга бўлди

Назарбоев Университети талабалари халқаро танловда олтин медалга эга бўлди

Халқаро эътироф. Назарбоев Университети талабалари яратган лойиҳа синтетик биология бўйича халқаро танловда олтин медалга сазовор бўлди. Қозоғистонлик ёш олимларнинг тупроқ ва сувни нефть қуйқиндилари, бошқа чиқиндилардан эко-тозалашга оид ноу-хауси дунёнинг энг яхши ўқув муассасалари ишланмаларидан устун келди. Улар орасида Стэнфорд, Гарвард, Оксфорд, Париж ва Массачусетс технология институтлари, шунингдек, Жонс Хопкинс Университети ҳам бор.

Малика Василова, Назарбоев Университети талабаси:

- Биз - илмий йўналишлардаги талабалар гуруҳи илмий лойиҳа IGEMни ривожлантириш мақсадида бир жамоа бўлиб тўпландик, бу синтетик биология бўйича халқаро беллашув. Клубимиз «NU Kazakhstan» (ЭН Ю Казахстан), жамоамиз – Марказий Осиёда ягона команда. Ген муҳандислигига асосланган ҳолда, биз геном-бактерияга таъсир ўтказамиз, у эса Қозоғистонда нефть чиқиндиларини тозаловчи биоремедиация учун махсус моддалар ишлаб чиқаради.

Арсен Ўразбек, Назарбоев Университети талабаси:

- Лойиҳамиз шуниси билан ўзига хоски, тозалаш ўта соф, ўта экологик даражада, атроф-муҳитга токсик таъсирларсиз амалга оширилади. Келажакда лойиҳа ривожлантирилиб, нефть қуйқиндиларининг тозалигини сақлашда, шунингдек, Каспий денгизида, бизда, Қозоғистонда, умуман, хорижда ҳам қўлланиши мумкин.

Танловда жами бўлиб, дунёнинг 45 давлатидан 355 та жамоа иштирок этди. Қозоғистонлик талабалар ярим йилга яқин тер тўккан илмий иш бир йўла 4 йўналишда ғолиб деб топилди. Яъни атроф-муҳитни муҳофаза қилишда энг яхши лойиҳа, лойиҳанинг энг яхши сайти, инклюзия бўйича ва барқарор ривожланиш борасидаги энг яхши лойиҳа бўлди. Бундан ташқари, нуфузли илмий беллашув ҳакамларининг фикрига кўра, қозоғистонликларнинг илмий ишланмаси йилнинг энг яхши лойиҳалари 10 талигига кирди.

Хуршида Абдуллаева таржимаси