З0 йил мобайнида Қозоғистонга 1,5 млн нафар қондошлар қайтган

қандастар
24.kz

1991 йилнинг 18 ноябри – чин маънода Қозоғистон учун тарихий сана. Роппа-роса 30 йил муқаддам илк маротаба хорижда яшовчи юртдошларни мамлакатга кўчириб келиш ҳақидаги қарор қабул қилинганди. Ўша вақтдан бошлаб, 1,5 миллиондан зиёд одам тарихий ватанига қайтди. Ижтимоий ишонч Миллий кенгашининг 6-йиғилишида республика Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлаганидек, ушбу кун мамлакат учун аҳамиятли саналади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Ауит Муқибек ва бошқа жамоатчилик арбоблари Буюк кўчишнинг тарихий роли ва аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, тақвимда бу воқеа учун алоҳида сана белгилаш заруратини таъкидлайди. Ҳукуматга ушбу тарихий санани тақвимдаги муҳим кунлар сирасига киритиш масаласини кўриб чиқишни ва тегишли таклифлар киритишни топшираман.

Марат Тўқсанбаев – қарор қабул қилинган ўша тарихий кунлар гувоҳларидан бири. Унинг таъкидлашича, ўша йилларда қондошларни қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатнинг 15 та вазирлиги билан алоҳида келишувлар тузилган. У мазкур ишни янада каттароқ куч-ғайрат билан давом эттириш зарур, деб ҳисоблайди. Чунки бу кўп сонли этник қозоқлар хориждан юртимизга қайтиши учун хизмат қилади.

Марат Тўқсанбаев, «Ватандошлар жамғармаси» аъзоси:

- Сўнгги йилларда 80 нафардан ортиқ доктор, 220 дан зиёд фан номзоди қайтиб келди. Барчаси айни пайтда юртимизда таълим ва маданият соҳасида фаолият кўрсатмоқда. Ўйлайманки, квоталар сонини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш керак. Ҳозирда, масалан, Таълим ва фан вазирлигининг ёшлар учун алоҳида лойиҳаси мавжуд. Махсус квоталар тақдим этилади. Бу квоталар сонини кўпайтириш лозим. Ўйлайманки, хориждан кўпроқ ёшларни жалб қилсак, эртага улар бу ерга ота-онасини, бобоси, бувисини бошлаб келади.

Таъкидлаш жоиз, биргина жорий йил бошидан буён 15 минг 903 нафар этник қозоқ тарихий ватанига қайтди ва «қандас» мақомини олди. Уларнинг 76,3 фоизи Ўзбекистондан, 9,5 фоизи Хитойдан келган бўлса, 6 фоиздан сал кўпроғи Туркманистондан, 2,5 фоизи Монголиядан келган, қолган 5,5 фоизи эса бошқа юртлардан.

Хуршида Абдуллаева таржимаси

×