«OPEN MIND»: Нур-Султонда очиқ инновациялар форуми ўтказиляпти

«OPEN MIND»: Нур-Султонда очиқ инновациялар форуми ўтказиляпти

«Рақамли трансформация ва янги турмуш сифати». Нур-Султонда «OPEN MIND» очиқ инновациялар онлайн-форуми иш бошлади. Тадбир икки кун давом этади. Асосий мавзуларни мамлакат ҳукумати вакилларидан тортиб, хорижий айти-сервислари ишланма муаллифлари ва экспертларгача кўплаб иштирокчилар муҳокама қилади. Ташкилотчилар таъкидлашича, тадбир пандемия даврда рақамлаштириш жараёнларига бағишланган. Форумнинг илк кунида қатнашчилар электрон экотизимлар жорий этиш, очиқ инновациялар жорий этиш жараёнида жаҳон тажрибасини тилга олишди. Ташкилотчиларнинг берган маълумотга кўра, иккинчи кунда стартап-лойиҳалар ҳамда EdTech-технологияларни ривожлантириш, таълим соҳасини автоматлаштириш кўриб чиқилади.

Қайрат Келимбетов, Қозоғистон Республикаси Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлиги раиси, «Астана» халқаро молия маркази бошқарувчиси:

- Глобал трендларга пандемия катта таъсир кўрсатди. Аслида пандемия инсоният, ҳар бир давлат, бошқарув девони учун ўзига хос синов палласи эди. Биз ўтган йилнинг биринчи ярмидаги воқеаларни жуда яхши эслаймиз. Улкан юклама давлат инфратузилмалари, соғлиқни сақлаш, таълим соҳасига тушганди. Биз телемедицина, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ахборот тизимлари имкониятларига бошқача кўз билан қарай бошладик. Табиийки, бошимиздан ўтган бу жараёнларнинг ҳаммаси давлат инфратузилмаларини қандай модернизация қилиш тўғрисидаги қарорларимизга ўз таъсирини кўрсатди.

Абдумалик Сарманов таржимаси