ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилиши

ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилиши

Қозоғистон Президенти Тожикистон пойтахтида ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари йиғилишида қатнашди. Ушбу 20-саммитда Қосим-Жўмарт Тўқаев XXI аср бошида ташкил қилинган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти биргаликда Евроосиё миқёсида хавфсизлик, тараққиёт, фаровонликка эришиш йўлида жамоавий иродага эга эканлигини жаҳонга кўрсата олганини билдирди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Умумий фаолиятимиз туфайли ШҲТ муваффақиятли ва нуфузли ташкилотга айланди. Ташкилот масъул бўлган ҳудудда улкан демографик, молия, хомашё захиралари жамланган, кучли технологик салоҳият мавжуд. Етарлича салмоқли меъёрий-ҳуқуқий база, барча даражаларда ўзаро ҳамкорлик қилиш учун самарали механизмлар яратилган. Ташкилотнинг халқаро алоқалари кенгаймоқда. Ҳиндистон ва Покистоннинг қўшилиши ташкилотни кучайтиргани шубҳасиз. Уни Еврооисиё миқёсидаги улкан кучга айлантирди. Эронни ташкилотга қабул қилиш жараёни бошланиши, Миср, Саудия Арабистон ва Қатарга мулоқот бўйича ҳамкорлик мақоми тақдим этилиши ташкилотга Яқин Шарқ масалалари билан шуғулланиш имкониятини беради.

Давлат раҳбари Душанбе саммити атрофида фаол муҳокама қилинаётган Афғонистон масаласига ҳам тўхталди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон бу давлатнинг долзарб иқтисодий ва гуманитар муаммоларини ҳал қилишга имкон қадар ёрдам беришини билдирди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Мавжуд инфратузилмалар ва Қозоғистоннинг логистика имкониятларидан келиб чиққан ҳолда Афғонистонга халқаро ёрдам етказиб бериш учун Алматида ШҲТнинг гуманитар «хаб»и барпо этишни таклиф қиламан. Бу қадам минтақа муаммоларини ҳал этишда ташкилотнинг нуфузин ошириши, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар фаолиятини тўлдиришига ишонаман.

Давлат раҳбари Тожикистон ҳукуматининг ташкилот иши самарадорлигини оширишга қўшган ҳиссасини алоҳида кўрсатиб ўтди ва Ўзбекистон Президентини ШҲТда раислик муддати бошланиши билан табриклади.

Абдумалик Сарманов таржимаси