113 мингдан зиёд вакансия мавжудлиги маълум бўлган

113 мингдан зиёд вакансия мавжудлиги маълум бўлган

Меҳнат биржасида ўқитувчиларга талаб катта. Август ойининг ўзида Қозоғистон мактаблари 113 мингдан зиёд ўқитувчига иш таклиф қилди. Айниқса, Алмати, Жамбил, Манғистау вилоятларида устозлар жуда зарур. Шу тариқа, масалан, июль ойи билан таққосласак, бу соҳадаги вакансиялар сони салкам 40 фоизга ортди. Энг кўп керак бўлаётганлар орасида чет тиллари, рус тили ва адабиёти, бошланғич синфлар ва математика ўқитувчилари бор. Талабгорлар сони ҳам ошган. Ўтган ойда 57 ярим мингдан кўпроқ ўқитувчи резюмеси қўйилди. Шу билан бирга, бу соҳада талаб катталигини мавсум билан боғлаш мумкин. Ҳар йили янги ўқув йили арафасида ҳамда янги таълим масканлари ишга тушиши, маошлар ошиши ортидан шундай ҳолат кузатилади.

Руслан Тлеубаев, Қозоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги бандлик департаменти директор ўринбосари:

- Талабгорлар томонидан рақобат кучайгани аниқ. Ўқитувчилар маошлари ошиши ҳам бунга катта таъсир кўрсатди. Педагогика соҳасига ўқишга киришни истаётганлар ўртасидаги танловга қарасангиз, битта грант ўрин учун курашаётган абитуриентлар сони бир неча марта кўпайганини кўрасиз. 

Эслатамиз, Қозоғистон халқига Мактубида Давлат раҳбари ҳукуматга 2025 йилгача 1000 та янги мактаб очишни топширди. Шунингдек, педагоглар малакаси, олимлар  маоши оширилади. Бу қадамлар вакансиялар сони ортишига ҳамда қозоғистонликларнинг фидокорлик ва билим талаб қилувчи мазкур жуда муҳим касбга қизиқишини кескин оширади.

Абдумалик Сарманов таржимаси