Қадимий Сарайшиқ шаҳри ўрнида қазув ишлари давом этяпти

Сарайшық
Хабар 24

Қадимий Сарайшиқ шаҳри янги сирларини ошкор этмоқда. Олтин Ўрда даври археологик ёдгорлиги ҳудудида қазув ишлари олиб бораётган олимлар 13-14-асрларда зарб этилган кумуш тангаларга дуч келди. Улар муқаддас шаҳар ҳудудида қачонлардир кумуш пул зарб этилганидан гувоҳлик беради.

Айбек Турарули, археолог:

- Бу жойда Олтин Ўрда даврига оид 6 хонали бино топилди. Шунингдек, 36 та кумуш танга олинди. Маълум бўлишича, улар Жонибек ва Ўзбекхон буйруғига кўра зарб этилган. Ушбу ерда сўнгги вақтларда топилган энг йирик зарбхоналардан бири бўлган.

Бундан ташқари, бу ерда орнаментли сопол идиш, атир флакони, бронза кўзгу топилган. Қимматли артефактлар шаҳарда ҳунар мактаблари ва савдо алоқалари мавжуд бўлганини кўрсатади. Ўтган йили эса Сарайшиқ шаҳридаги қабристонда археологлар «Хонлар мозори»ни топди. Шу ерларда Олтин Ўрда ва Нўғай Ўрда, Қозоқ хонларидан етти нафар ҳукмдор дафн этилгани айтилади. Олимлар фикрича, қабрлардан бирида Қосимхон дафн этилган.

Абилсеит Мухтар, «Сарайшиқ» музей-қўриқхонаси директори:

- Биз бу ерда улкан пантеон бўлган, деган хулосага келдик. Жорий йилда Қосимхон Сарайшиққа дафн этилганига 500 йил тўлади. Мазкур сана муносабати билан илмий конференция ташкил қилиш ниятидамиз. Таниқли олим ва археологлар чақирилади. Топилмалар кашфиётларга уланишига умид қиламиз.

Олимлар таъкидлашича, топилган артефактлар Ипак йўли ёқасида жуда бой маданият мавжуд бўлганини кўрсатади.

Абдумалик Сарманов таржимаси

×