Қозоғистон мактаблари ўқув йилига тайёрланмоқда

Қозоғистон мактаблари ўқув йилига тайёрланмоқда

Қозоғистон мактабларида янги ўқув йилига тайёргарлик бошланди. Таълим даргоҳларида болаларни коронавирусдан ҳимоя қилиш усуллари ишлаб чиқиляпти. Масалан, Ақтўбедаги мактаблардан бирида 1600 нафар бола ўқийди, жамоа тайёргарлик ишлари билан машғул, сентябрдан санитария талабларига алоҳида эътибор қаратилади. Эпидемия хавфи ва ундан ҳимояланиш йўллари тўғрисида кираверишда маълумот берилади. Айни вақтда 100 дан зиёд ўқитувчи ва ходим вирусга қарши эмланди.

Хавфли инфекция тўғрисидаги маълумот ўқувчиларга интерфаол тахта орқали берилади. Айни вақтда, ҳар бир синфда тана ҳароратини ўлчовчи ускуна ва антисептик қўйилган. Қоидага кўра, кабинетда бир вақтнинг ўзида 25 тадан зиёд ўқувчи бўлиши мумкин эмас. Бундан ташқари, танаффус вақти турли сифнларга турли вақтларда белгиланган.

Айсулу Жақсибаева, 8-умумий ўрта мактаб директори:

- Болалар битта кабинетда ўқийди, танаффусга чиқиши ҳам ҳар хил. Олдиндан дарс жадвали туздик. Ҳозир фаол тайёрланяпмиз. Ўтган ўқув йилида бошланғич, ўрта ва юқори синф ўқувчилари учун алоҳида кириш-чиқиш жойлари белгиланганди. Бу талабга жорий йилда ҳам албатта риоя этиш ниятидамиз.

Бундан ташқари, ота-оналар ҳам, ўқитувчилар ҳам болалар оффлайн ўқишидан умидвор.

Шинар Амангелдиевна, Ақтау шаҳридан:

- Болаларимиз ўқитувчи билан бирга мактабда шуғулланишини истаймиз. Партада ўтирсин, доскага чиқиб жавоб берсин. Мактабга қатнаган бола билимдон бўлади. Шунинг учун мен анъанавий таълим тартибига қайтишни истайман.

Жорий йилда таълим одатдагидек бўладими ёки онлайнми – ҳаммаси мамлакатдаги эпидемиологик вазият ва санитар-врач қарорига боғлиқ.

Абдумалик Сарманов таржимаси