Қозоғистонда ягона роботлар музейи очилди

 шаңсорғыштан робот
24.kz

Қозоқ ботирлари коинотдаги трансформерлар қаторидан муносиб ўрин эгаллайди. Алмати вилоятида яшовчи Қуаниш Мухамеджанов Буюк Дашт баҳодирлари нусхасини яратиш ниятида. У барчасини металлолом ва чангютгичлардан ясамоқчи. Ҳайкалтарош комикс ва фильм персонажларига бўлган муҳаббати туфайли бу иш билан шуғуллана бошлади. Ҳозир у автоботларнинг мангу барҳаёт етакчиси Оптимус Прайм устида ишлаяпти. Аслида ҳаммаси Бамблбидан бошланган.

Қуаниш Мухамеджанов, ҳайкалтарош:

- Биринчи роботлар металлдан ясалган. Турли устахоналардан темир-терсак бўлакларини йиғиб келардим. Уйда анча пластик йиғилиб қолганди. Пластик парчаланиши учун 1000 йил керак, шу сабабли ишдан чиққан чангютгич, телевизорларни ташлаб юборишга кўзим қиймади. Чангютгичлардан қандайдир арт-объект ясаш фикри туғилди. Биринчи роботим ажабтовур чиқди ва одамлар унга қизиқа бошлади.

Битта робот ясаш учун одатда бир ой вақт кетади, чунки зарур деталлар қўл остингизда бўлавермайди. Зарур деталларни ахтариб топиш, саралаш, материаллар тайёрлаш учун баъзида уни йиғишдан кўра кўпроқ вақт сарфланади. Масалан, битта автобот учун 15 тагача эски чангютгич ишлатилган.

Қуаниш Мухамеджанов, ҳайкалтарош:

- Энг тез ясалган робот бир ҳафтада тайёр бўлди. Омадим келди - материал бор эди, қандай робот тайёрлашимни кўнглимда билиб турардим. Бир ҳафта ичида бу темиртан оёққа қўйилди. Энг оғири – динобот, яъни динозавр роботни икки ой давомида ясаганман. У жуда оғир. Тўлиқ металлдан ясалган ва бир тоннадан зиёд. Лекин менга жуда ёқди. Яна бир динозавр ясамоқчиман.

Ижодкор бисотида 30 тача арт-ҳайкал бор. Улар орасида терминаторлар ҳам, косплей костюмлари ва бошқалар ҳам бор. Кўпчилиги муаллиф очган музейга қўйилган. Ҳозирча бундай маскан Қозоғистонда ягона, дейди ҳайкалтарош. Уста музейни кенгайтириш, унинг таркибида робот техникаси ва арт-объектлар яратиш синфлари очишни орзу қилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси