Қозоғистонда 2021 йилда 130 миллион туп дарахт ўтқазилади

Қозоғистонда 2021 йилда 130 миллион туп дарахт ўтқазилади

Жорий йилда Қозоғистонда бир юз ўттиз миллион туп дарахт ўтқазилади. Кўчатлар махсус лабораторияларда етиштириляпти. Мутахассислар таъкидлашича, жажжи кўчатларни экишга ҳеч нарса халал бермаслиги зарур. Ҳамма нарса тоза бўлиши лозим. Ҳар бир ўсимлик учун зарур аралашмали махсус пробирка ҳозирланади. У ҳар куни тайёрланади.

Татьяна Лимакина, Республика ўрмон селекция-уруғчилик маркази филиали лаборанти:

- Қайсидир компонент етишмаслиги дарҳол сезилади. Баъзан баргчалар сарғайгани ёки тўкилганини кўрамиз ёки ўсиш тўхтагандек туюлади. Баъзилари ҳаддан зиёд ингичка, нозик бўлади. Бу ерда 8 йилдан буён ишлайман, қачон қайси компонентдан қанча солиш ва улардан қандай тартибда фойдаланишни ёдлаб олганман. Қайси муҳитга қанча миллиграмм кераклигини ҳам биламан.

Ҳозир бўлажак дарахтлар 15 мингта идишда ўсяпти. Кейин кўчатлар полигонга ўтқазилади. Бир йилча вақт ўтгач, Қозоғистон ўрмонларига тарқатилади. Таъкидлаш жоизки, мутахассислар Бўрабай миллий паркига тоғтерак ўтқазишга киришди.

Қайирбай Балтабаев, Бўрабай миллий парки ўрмончиси:

– Бўрабай миллий паркида 65 гектар ерга тоғтерак ўтқазилади. Питомникдан уруғ келтириб, экяпмиз. Албатта, уларга парвариш керак.

Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев беш йил ичида 2 миллиард туп дарахт ўтқазишни топширган. Ушбу мақсадда республика хазинасидан 22 миллиард тенге, маҳаллий бюджетлардан - 60 миллиард тенге ажратилган. Баҳордан буён 80 миллион тупдан кўпроқ дарахт ўтқазилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси