Қозоғистон олимлари жонли суяк тўқималари яратмоқчи

Қозоғистон олимлари жонли суяк тўқималари яратмоқчи

Одам вужудидан ташқарида жонли суяк тўқимаси яратиш мумкинми? Қозоғистон олимлари мазкур саволнинг жавобини изламоқда. Турли соҳалар – физика, кимё ва инженерия мутахассислари биргаликда амалга ошириш имконсиздек туюлган нарсани яратиш учун ишлаяпти. Профессор Дана Ақилбекова Назарбоев университети олимлари билан бирга суяк тўқималари яратиш технологиясини ишлаб чиқди. Жараён швед биопринтери ёрдамида амалга оширилади.

Аманжўл Турлибек ўғли, Назарбоев университети тадқиқотчиси:

- Мазкур материални синтез қилиш ва ишлаб чиқаришни мақсад қилганман. Биз желатин асосида зарур моддани синтез қиламиз. Сўнгра 3D-моделини чоп этамиз, жонли одам ҳужайраларини қўшамиз. Лабораториямизда Қозоғистонда ягона биопринтер бор. Бу ҳужайралар суяк тўқималари билан аралашади. 6-7 ҳафтада материал оламиз.

Лойиҳа муаллифлари таъкидлашича, мамлакатда ишга лаёқатли инженерия мавжудлиги анча ҳайратланарли натижаларга олиб келиши мумкин. Бу умумий биология ва тиббиёт соҳасидаги инновация ҳисобланади. Яратилган материал кенг кўламда ишлатилиши мумкин. Шу кунларда олдинда турган вазифа – инсон организмидаги мураккаб тузилган суяклар тизимини ўрганиш ва асосий изланишларни якунлаш.

Аманжўл Турлибек ўғли, Назарбоев университети тадқиқотчиси:

- Бу модель бизга ажойиб маълумотлар беради. Масалан, суяк фрагментларини блоклаш мумкин, унда қандай жараёнлар юз беради? Келажакда суяк тўқималари учун препарат яратилса, уни аввал шундай уч ўлчамли моделларда синаб кўриш мумкин, бу анча арзонга тушади.Олинган натижа эса восита самарасини аниқ баҳолашга хизмат қилади.

Келажакда ноёб материал одамларни даволаш ва имплант учун зарур тўқима яратишда ишлатилиши мумкин. Олимлар иши ва лойиҳадан асосий мақсад шу. Яна бир мақсад – кашфиёт учун мамлакатимиздагина эмас, кўплаб хорижий мамлакатларда ҳам патент олишдан иборат.

Абдумалик Сарманов таржимаси

×