Қозоғистонда ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси ишга туширилди

Қозоғистонда ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси ишга туширилди

Маданий меросни қайта тиклаш ва сақлаб қолиш. Қозоғистонда аёллар тадбиркорлиги ҳамда ҳунармандларини қўллаб-қувватлашга қаратилган Born Nomad лойиҳаси ишга туширилди. У аждодларимиз кундалик ҳаётда кенг қўллаган ҳунармандчилик санъатини янада юқори даражага олиб чиқиши кутиляпти. Хорижий бозорларга ҳам.

Айка Алеми, «Born Nomad» лойиҳаси арт-директори:

- Лойиҳа бизнес жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ҳунармандларга ёрдам бериш, профессионал маҳсулот чиқариш, брендларни йўлга қўйиш, маҳсулотни тўғри қадоқлаш, таъриф-тавсиф бериш, маҳаллий ва хорижий бозорларда сота олиш учун уларни ўқитишни кўзда тутган. Ҳозирги вақтда қадимий кўникмалар йўқ бўлиб кетиш эҳтимоли бор, ваҳоланки, ҳунармандчилик бизнинг маданий хусусиятимиз, усиз ўзига хослигимизни йўқотиб қўйишимиз мумкин.

Қозоғистонлик дизайнер Дана Ашимова лойиҳада қатнашиш истагини билдирди. У кўйлак, бош кийимлари, жакет ва нимчалар тикади, уларни наматдан тайёрланган рангли принтлар билан безайди. Ўз ишида пэчворк техникасидан фойдаланади. Мода саноатига кириб келганига атиги 6 йил бўлган бўлса ҳам, ўнлаб йирик фэшн-тадбирларда қатнашган, энг муҳими –Евроосиё дизайнерлар иттифоқи ва халқаро ҳунармандлар иттифоқи аъзоси.

Дана Ашимова, дизайнер:

- Лойиҳада қатнашиш маънавий қувват беради. Карвон йўлга чиқаётганини кўриб турибман, мен ҳам у билан бирга ҳаракатланишни истайман, ортда қолмасликка тиришаман. Бошқалар билан тенглашгим келади. Миллий мавзуда панно яратишни ўйлаяпман. Кимлардир пэчворк ёки намат бошқа бошқа халққа оид деса, ажабланаман. Ахир буларнинг ҳаммаси билан азалдан шуғулланмаганмизми? Ҳозир эса қайта тиклаяпмиз. Эски кўринишида эмас, янги даражага кўтарамиз.

Лойиҳа кенг кўламли бўлиши кўзда тутилган. Иштирокчилар онлайн-майдонча воситасида кенг истеъмолчилар оммасига ижод намуналарини таклиф этади. Лойиҳа доирасида умуммиллий қобилиятлар танлови ўтказиш кўзда тутилган. Ғолиблар совғалар ва пул билан эмас, экспорт контрактлари билан мукофотланади. Иш якунида форум ва фестиваль ўтказилади. Лойиҳа

“Атамекен” миллий палатаси ҳамда АҚШ элчихонаси томонидан ташкил этилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси