Қозоғистон мактабларида хавфсизлик чора-тадбирлари кучайтирилади

Қозоғистон мактабларида хавфсизлик чора-тадбирлари кучайтирилади

Қозоғистон мактабларида хавфсизлик чора-тадбирлари таъминланади. Эндиликда мамлакатнинг ҳар бир таълим даргоҳида махсус хавф тугмачаси ўрнатилади ва у махсус соқчиларнинг бирор фалокат юз берганида дарҳол ёрдамга етиб келишига имкон яратади. Шуни ҳам айтиш керакки, ҳозирча бундай тугмачалар мамлакатдаги 648 мактабда мавжуд, бу эса таълим даргоҳларининг 10 фоизи атрофида. 100 фоизга эришиш учун минтақалар маҳаллий бюджети орқали бу мақсадда 980 миллион тенге ажратилади.

Юлия Овечкина, Қозоғистон Республикаси болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари:

- Ҳозир таълим даргоҳлари хавф тугмачаларини ўрнатяпти, шартномалар тузяпти, иш давом этяпти. 1 сентябргача вазир берган топшириққа мувофиқ яна анча мактабларга шундай ускуна ўрнатилади. Бош вазир тилга олгани каби, ҳозир 3000 мактабда шартнома тузиш ва тугмачаларни қўйиш ишлари амалга ошириляпти.

Вазирликда аниқлик киритишларича, ўқувчилар хавфсизлигини имкон қадар таъминлаш учун махсус қўриқлаш хизматлари ташкил этилади. Улар тез кунларда 680 та шаҳар мактабларида ишга киришади.

Юлия Овечкина, Қозоғистон Республикаси болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари:

- Уларда вахтёр, пенсия ёшидаги одамлар эмас, тегишли лицензияга эга ихтисослашган хизматлар бўлиши керак. Биз ўрганиб чиққан халқаро тажрибага кўра, ҳар бир мактабда хавф тугмачаси бўлиши шарт. Барча мактаблар видеокузатиш камераларига уланиши зарур. Бундан ташқари, жаҳонда одамлар юзини таниш тизимларидан фойдалана бошланди. Ушбу тизим болалар яқинида юриши тақиқланган турли ноқисликларга эга одамлар рўйхатга олинган марказлашган маълумот базасига уланади.

Болалар хавфсизлиги уларни ақлли автобусларда мактабларга ташиш орқали ҳам таъминланади. Жорий йилда беш юзтаси совға қилинади. Гап мамлакатнинг уч минтақасида чиқариладиган 20 ўринли ва 40 ўринли махсус машиналар ҳақида кетяпти. Мазкур мақсадларда давлат бюджетидан 22 миллиард тенге ажратилади.

Асель Кодарова, Қозоғистон Республикаси саноат ва инновациявий тараққиёт вазирлиги саноат тараққиёти машинасозлик қўмитаси бошқарма раҳбари:

- Мазкур автобуслар махсус ускуналар билан жиҳозланади, бола салонда ёлғиз қолмаслиги, орқа эшик қўл тегиши билан очилиши, автобус хавфсизлик тизимлари автоматик шаклда текширилиши кўзда тутилган. Жаҳоннинг кўп давлатларида бўлгани каби, хавфсизлик нуқтаи-назаридан улар алоҳида рангга бўялади. Бизда автобуслар учун сариқ ранг танланди. Мазкур хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирларини амалга оширишга фақат мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари иштирок этади.

Видеокузатув тизимларига келганда, мамлакатда мактаблар 100 фоиз таъминлангани ҳолда, фақат ярмидан зиёди стандартларга жавоб беради. Уларни талабларга жавоб бера оладиган даражада созлаш учун ҳокимликлар 1,4 миллион тенге ажратди.

Абдумалик Сарманов таржимаси