Авиация инспекцияси: парвоз хавфсизлиги ва техник назорат

Авиация инспекцияси: парвоз хавфсизлиги ва техник назорат

Қозоғистон авиация администрацияси парвозлар хавфсизлиги устидан назоратни кучайтиради. Ҳозирда республика шу ёзда бўлиб ўтадиган ИКАО текширувига тайёрланмоқда. Дарвоқе, бу олдинда турган, халқаро ташкилот 2023 йил охири, 2024 йил бошида ўтказишни кўзлаган фуқаро авиацияси соҳасидаги йирик аудитнинг бир қисми, холос. Унинг натижаларига кўра, мамлакат ИКАО халқаро стандарти талабларига мосликни 80 фоизга етказиш ниятида.

Айгерим Акимжанова,мухбир:

- Парвозлар хавфсизлиги ва авиация бехатарлиги соҳасидаги техник назорат ва кузатув - Қозоғистон авиация администрациясининг асосий вазифаси. Дарвоқе, давлатнинг 100 фоизлик иштирокидаги бундай бошқарув модели МДҲ давлатлари орасида илк маротаба Қозоғистонда жорий қилинган.

Ҳар йили Қозоғистон авиация администрацияси авиакомпания ва аэродромларни сертификациядан ўтказади, аэронавигация аудити, махсус хизматлар билан инспекциявий текширувлар ҳам бўлади. Улардан бири муҳим вазифа бажаради - аэродромларнинг учишга яроқлилигини текширади.

- Учиш-қўниш йўлагининг ҳақиқий ҳолатини текшириш учун шу ердан юриб кўрамиз, йўлак устида ҳаракатланамиз, тўсқинликлар борми-йўқми, кузатамиз, кейин керакли талабларга мослигини текширамиз…

Аэродромда инспекция ўтказиш чоғида, биринчи навбатда, унинг жисмоний ҳолати ҳисобга олиниши керак: маркировка қопламаси тузилиши, чекловлар ёки тўсқинликлар борлиги. Бундай текширувлар йилига жами 20 мартача бўлиши режалаштирилган.

Бахтияр Сейдахметов, департамент авиация инспектори:

- Маълумки, Қозоғистонда 25 та сертификатланган аэропорт мавжуд, уларнинг 18 таси халқаро аэропорт, 7 таси ички фойдаланиш учун, 6 таси сертификатланган вертодромлар. 2020 йилда 900 дан ошиқроқ камчилик аниқланган, барчаси аэродромларда ўтказиладиган тадбирлар пайтида бартараф этилади. Бундай хатоликларни камайтириш учун департаментимиз аэродромни бошқариш ва парвозлар бехатарлиги тизимини ишлаб чиқмоқда.

Бу йил ташкил топганига икки йил тўладиган Қозоғистон авиация администрацияси фаолияти туфайли мамлакатда сертификатлаш ўтказилиши, парвозлар хавфсизлиги сифати ошди, ушбу соҳада эришилган натижалар мақтанишга арзийди.

Абдумалик Сарманов таржимаси