Нархлар назоратга олинди

Нархлар назоратга олинди

Суюлтирилган газ, бензин ва дизель ёнилғисининг энг юқори нархлари ўтган йилгидан ошиб кетмаслиги зарур. Қозоғистон Республикаси Бош вазири вазифасини бажарувчи Алихан Смаилов таъкидлашича, Давлат раҳбарининг топшириғига кўра, Қозоғистонда яқин кунларда 180 кун давомида ёнилғи-мойлаш материаллари нархини давлат бошқарувига олиш бўйича меъёрий ҳужжат қабул қилинади. Ҳозирча вазифасини бажаришда давом этаётган Вазирлар маҳкамаси суюлтирилган газ сотишни ташкил этиш ва ўтказиш масаласини ишлаб чиқиши лозим. Сўнгра ёнилғини фақат электрон савдо майдончаси орқали сотишни йўлга қўйиши лозим. 20 кун ичида Рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш агентлиги суюлтирилган газ сотишда нарх келишиб олинган бўлиши мумкинлиги юзасидан тўла тафтиш ўтказиши зарур. Газ соҳасини ривожлантириш мажмуавий режаси ҳам такомиллаштирилади, Манғистау вилоятида завод қурилиши бўйича давлат экспертизаси юзасидан ишлар жадаллаштирилади. Алихан Смаилов Президентнинг ҳар бир топшириғи бўйича муддатларни аниқ кўрсатиб берди.

Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси Бош Вазири Вазифасини бажарувчи:

- Миллий иқтисодиёт вазирлиги Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазирлиги ҳамда ҳокимликлар билан бирга аҳоли учун 180 кун давомида коммунал тарифлар ўсишига мораторий қўйиш масаласини кўриб чиқсин ва бугуннинг ўзида таклифларини киритсин. Меҳнат вазирлиги минтақа ҳокимликлари билан бирга ижтимоий заиф аҳоли қатламлари учун ижара ҳақини субсидиялаш масаласини ишлаб чиқсин ва иш куни охиригача таклифларини менга берсин. Молия вазири бир ой ичида «Жисмоний шахслар банкротлиги тўғрисида» қонун лойиҳасини тайёрласин. Соғлиқни сақлаш, Таълим ва фан вазирликлари болалар ва саломатлик муаммоларини ҳал этиш учун «Қозоғистон халқига» жамоат жамғармаси тузилишини таъминласин.

Абдумалик Сарманов таржимаси