Нур-Султонда жаҳон фани ҳафталиги бошланди

Нур-Султонда жаҳон фани ҳафталиги бошланди
toppress.kz

Нур-Султонда Нобель мукофоти совриндорлари ва жаҳон экспертлари иштирокида жаҳон фани ҳафталиги бошланди. Анжуман онлайн форматда ўтказилмоқда. Ҳафталик 16 апрелгача давом этади. Унинг доирасида CentralAsiaNobelFest иккинчи Нобель фестивали ҳамда Қозоғистон ва Марказий Осиё университетлари учун туркум лекциялар ташкил қилинади.

«Келажакни кашф эт» шиори остида ташкил қилинган анжуманда 50 нафар спикер қатнашади. Уларнинг 8 нафари Нобель мукофотини олган. 9 нафари «Юксак ютуқлар учун» мукофоти совриндори. Шунингдек, қатор жаҳон экспертлари жалб этилган. Нотиқлар имкониятлар иқтисодиёти, таълим трендлари ва келажак саноати йўналишларида илғор тажрибасини баҳам кўради.

Адилет Амиров, Nobelfest мувофиқлаштирувчиси:

- Ҳозир мамлакатимиз, халқимиз баҳамжиҳатликда пандемияга, пандемия асоратларига қарши кураш билан банд. Лекин биз узоқроққа назар ташлаш ниятидамиз. Тингловчиларимизга пандемиядан кейин юзага келадиган вазиятни тасвирлаб бериш, қайси технологиялар, инновациялар зарурлигини кўрсатишни истаймиз. Пешқадам бўлиш учун аввало ортда қолмаслик, мамлакатимиз барқарор ривожланиб борадиган, жаҳонга янги технологияларни кўрсатадиган келажакни кашф этишимиз зарур.

Ташкилотчиларнинг берган маълумотига кўра, 10 кун давомида Жаҳон фан ҳафталигининг 20 минг иштирокчиси учун онлайн-дебатлар, мунозаралар ва етакчи кашфиётчилар, иқтисодчилар, жаҳон олимлари лекциялари тингланади.

Адилет Амиров, Nobelfest мувофиқлаштирувчиси:

- Биз бу тадбирларни Қозоғистон ва Ўрта Осиёдаги Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлар, Кавказ, Озарбайжон талабалари учун тайёрладик. Кўп зиёлилар унга уланади. Спикерларимиз халқаро даражада ном қозонган, имкони борича кўпроқ Нобель мукофоти совриндорларини жалб қилдик. Улар турли мамлакатлардан, шу жумладан, Америка Қўшма Штатлари, Европадан бўлса ҳам, Қозоғистон нотиқларини ҳам эътибордан ташқарида қолдирмадик. Қозоғистоннинг йирик компаниялари раҳбарлари таклиф қилинган. Улар чет эллик ҳамкасблари билан мулоқотда бўлади, тажриба алмашади.

Абдумалик Сарманов таржимаси

×