Astana Hub рақамли технопарки тақдимоти ўтказилди

Astana Hub рақамли технопарки тақдимоти ўтказилди

Пойтахтда Astana Hub IT-стартаплар маркази технопаркининг рақамли шакли тақдимоти ўтказилди. Бу воситанинг устун жиҳати – унда мажмуавийлик мавжудлиги, дейди мутахассислар. Яъни бир платформада барча зарур восита ва иштирокчилар тўпланган. Унда турли лойиҳаларда қатнашишга аризалар қабул қилишдан тортиб, солиқ ва виза имтиёзлари олувчи технопарк резидентлари учун онлайн ҳисоботларни тўлдиришгача бўлган барча катта-кичик ишларни амалга ошириш мумкин. Тадбир давомида сўзга чиққан Рақамли тараққиёт, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Бағдат Мусин бўлажак ишларнинг асосий йўналишларини тилга олди.

Бағдат Мусин, Қозоғистон Республикаси Рақамли тараққиёт, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири:

– Минтақалардаги хабларга ҳам алоҳида эътибор керак. Яъни Астана хаб фақат пойтахтда эмас, бутун мамлакат миқёсида стартапларни акселерациялаш ва инкубациялаш билан шуғулланиши зарур. Бу ишларга ёрдам кўрсатиш лозим. Ўтган йилдан буён Hub бу йўналишда қатор муваффақиятларга эришди. Экспортга эътибор қаратамиз. Ўзингизга маълум, бизда IT саноатида 2025 йилгача 500 миллион доллар миқдорида экспорт қилиши режалаштирилган. Шу жумладан, Астана хаб асосан экспорт салоҳиятини кенгайтириш билан шуғулланади. Жорий йилда халқаро акселерация майдонлари ва венчур капитали билан ҳамкорлик йўналишига кириб борамиз.

Мамлакатимиз стартаплари учун хорижий бозорларга чиқиш имконияти юзага келмоқда. Таъкидлаш лозимки, Astana Hub IT-стартаплар маркази Биринчи Президент – Элбоши Нурсултон Назарбоев топшириғи билан ташкил этилган.

Абдумалик Сарманов таржимаси