«Болалар жарроҳлари мактаби»: Россиядан келган машҳур шифокор мастер-класс ўтказди

Россиялик дунёга таниқли жарроҳ иштирокида тиббиёт талабалари, амалиётчи врачлар учун маъруза, семинар ва мастер-класслар ўтказилди. Қозоғистонда Юрий Козлов иштирокида «Болалар жарроҳлари мактаби» ташкил қилинди. Мутахассиснинг алматилик докторлар учун машғулотлари якунига етди, энди навбат - Нур-Султон жарроҳларига. Мураккаб болалар касалликларини тузатиш учун энг янги усуллар ва инновациявий ёндашувлардан фойдаланган ҳолда 15 та намунали амалиёт ўтказилади. Иқтидорли жарроҳ Қозоғистонга Россия ҳамкорлик ваколатхонаси таклифи билан келган. Қамраб олинаётган  аудиторияни кенгайтириш учун барча амалиётлар, маъруза ва семинарлар онлайн-тартибда ҳам ўтказилади. Амалий машғулотлар Юрий Козловнинг яқин дўсти, қозоғистонлик таниқли болалар жарроҳи Алмас Ўрмантаев хотирасига бағишланган.
ЮРИЙ КОЗЛОВ, ТИББИЁТ ФАНЛАРИ ДОКТОРИ, ПРОФЕССОР, ИРКУТСК ШАҲРИ БОЛАЛАР ЖАРРОҲЛИГИ МАРКАЗИ РАҲБАРИ, СИБИРЬ ФЕДЕРАЛ ОКРУГИ БОШ БОЛАЛАР ВРАЧИ:

- Атиги бир ойлик болани ҳар қандай шаклда амалиёт қилиш етарлича мураккаб. Биз қозоғистонлик ҳамкасбларимиздан ҳеч нарсани яширмаймиз. Қозоғистон болалар жарроҳлигидаги катта ўзгаришлар ва жадал ривожланиш мени ҳайратга солди. Бу нарса ҳамма жойда – фақат ўта замонавий тиббиёт марказлари жойлашган пойтахтдагина эмас, нисбатан одатий болалар шифохоналари мавжуд Алматида ҳам яққол кўриниб турибди. Барча касалхоналар яхши жиҳозланган, мен Россиянинг кўп жойларида учратмаган ускуналарга дуч келдим. Янги жарроҳлик «ўйинчоқлар»и ҳавасимни келтирди, улар билан тўлақонли ишлашга муваффақ бўлдим.

Юрий Козлов айтишича, у мураккаб бачадон ичи амалиётларини бажариш ва қозоғистонликлар билан тажриба алмашишдан ташқари роботлашган хирургияни ривожлантириш ҳақида ўйлаяпти. Мутахассис фикрича, жаҳон тиббиёти шу йўналишда ривожланади.