35 мингдан зиёд қозоғистонлик Pfizer вакцинаси билан эмланди

35 мингдан зиёд қозоғистонлик Pfizer вакцинаси билан эмланди

35 мингдан зиёд қозоғистонлик Pfizer вакцинаси билан эмланган. Америка маҳсулоти бўлган ковидга қарши препаратни юртимиздаги ўсмирлар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар қабул қилишда давом этяпти. Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой маълум қилишича, иммунизация муваффақиятли ўтади, республикага вакцинанинг 645 минг дозаси келтирилган.

Алексей Цой, Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири:

- Бугунги кунда 35 минг 12 нафар юртдошимиз эмланди, улардан 26 минг 354 нафари болалар, 8 минг 658 нафари ҳомиладор ва эмизикли аёллар. Вакцина ҳар ҳафтада етказиб берилмоқда.

Айни пайтда, вазирликда айтилишича, болалар фақат ота-она розилиги билан эмланади. Кўплаб ота-оналар ўз фарзандлари вакцина олишига скептик муносабатда бўлишига қарамай, мутахассислар таъкидлайди: препарат мутлақо хавфсиз ва қўшимча таъсир кўрсатмайди.

Айдана Ергасен, Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги санитария-эпидемиология назорати қўмитаси бош эксперти:

- Пфайзер таркибида тирик вирус йўқ, у коронавирус инфекциясини чақирмайди. МРНКли вакцина компоненти одам организмига салбий таъсир ўтказмайди. Нотўғри маълумотга ишониш керак эмас, масалан, бу келгусида генлар даражасида бепуштликка олиб келмайди. Препарат хавфсиз ва уч босқичли клиник синовдан ўтган.

Эслатамиз, Қозоғистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш давом этмоқда. Вазир маълум қилишича, ҳар иккала компонентни 7 миллион 969 минг 940 киши қабул қилган. Бундан ташқари, кечадан бошлаб, республикада ревакцинация фаол даражада ўтмоқда.

Хуршида Абдуллаева таржимаси