БССТ экспертлари QazVac вакцинасини таҳлил қилади

БССТ экспертлари QazVac вакцинасини таҳлил қилади

Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлар жамоаси Қозоғистонга келади. Мутахассислар маҳаллий «QazVac» вакцинасининг ишлаб чиқарилиш жараёнини таҳлил қилади ҳамда текширади. Режага кўра гуруҳ келгуси ҳафтада иш бошлаши зарур. Женевада Республика Ташқи ишлар вазири ҳамда БССТ бош директори ўртасида бўлиб ўтган учрашувдан кейин шундай маълумот берилди. Мухтар Тлеуберди Тедрос Адханом Гебрейесусга мамлакатимиз ҳукумати томонидан кўрилаётган коронавирусга қарши кураш чоралари ва Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг инфекция тарқалишини чеклаш бўйича топшириқлари хусусида маълумот берди. БССТ раҳбари ўзаро муносабатлар юқори даражадалигини таъкидлади.

Мухтар Тлеуберди, Қозоғистон Республикаси бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири:

- БССТ коронавирусга қарши маҳаллий вакцина яратилгани ва ишлаб чиқариш жараёнига катта эътибор билан қараяпти. Ҳозирда бу ташкилот билан QazVacни рўйхатдан ўтказиш масаласида ҳамкорлик қиляпмиз. Албатта, вакцина ишлаб чиқариш тартибига оид қатор масалалар бор. Рўйхатга олиш маълум вақт олиши мумкинлигини тўғри тушунамиз. БССТ котибияти ва ҳамкорларимизнинг техник қўллаб-қувватлаши рўйхатдан ўтказилишни жадаллаштиради. Бу препаратдан фақат ички эҳтиёж учун фойдаланибгина қолмай, жаҳон ҳамжамиятининг коронавирусга қарши курашида ҳам ишлатилишига олиб келади.

Тедрос Адханом Гебрейеус, БССТ бош директори:

- БССТ алоҳида давлатлар ўз вакцинасини яратиши ва ишлаб чиқаришини қўллаб-қувватлайди. Қозоғистонда маҳаллий вакцина ишлаб чиқарилаётганидан мамнунман. Биз муҳокама қилган масалалардан бири - Қозоғистонда вакцина ишлаб чиқаришнинг баъзи деталлари. Келгуси ҳафтада бу ишлаб чиқаришни текшириш ва назоратдан ўтказиш учун экспертлар жамоасини йўллаймиз. Бу йўналишда иш бошланди ва биз ҳамкорлик самарали бўлишини кутяпмиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси