Аскар Мамин вакцинация суръатини тезлаштиришни топширди

Аскар Мамин вакцинация суръатини тезлаштиришни топширди

«Қизил» зонадаги барча минтақаларда чеклов чоралари амал қилиши шарт, мониторинг гуруҳлари фаолияти давом этиши, шифохоналарда ўрин захираси таъминланиши керак. Бу ҳақда Қозоғистон Бош вазири Асқар Мамин ҳукумат йиғилишида маълум қилди.

Таъкидлаймиз, айни пайтда Нур-Султон, Алмати шаҳарлари, Атирау, Ғарбий Қозоғистон ва Қарағанди вилоятлари ҳамон «қизил» зонада қолмоқда. Бош вазир яна бир қатор топшириқлар берган, улар орасида мамлакатда эмлаш суръатини ошириш ҳам бор.

Асқар Мамин, Қозоғистон Республикаси Бош Вазири: 

- Шу кунгача 3,3 млн фуқаро биринчи компонентни олди, салкам 2 млн одам вакцинанинг иккинчи компоненти билан эмланди. Бу эса етарли эмас. Ҳокимлар, айниқса, Манғистау, Атирау, Ғарбий-Қозоғистон вилоятлари раҳбарлари ишни жадаллаштириши лозим. Хизмат кўрсатиш, таълим соҳаларида, йирик жамоаларда вакцина олиш мажбурий турда талаб қилиниши зарурлиги яққол кўриниб турибди.

Мамлакатдаги эпидемиологик вазият хусусида Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой ҳисобот берди. Унинг таъкидлашича, республика минтақаларида коронавирус юқтирганлар сони сўнгги ҳафта ичида 39 фоизга ортган. Беморларнинг асосий қисми – 43 фоиздан зиёди 2 йирик мегаполис - Нур-Султон ва Алматида рўйхатга олинган. Мамлакатда юқумли касалликлар учун ажратилган ўринларнинг 27 фоизи, жонлантириш бўлимларида 24 фоизи банд. Ҳукумат аъзолари таъкидлашича, коронавирус инфекцияси тарқалиш суръатларини сусайтириш учун республика бўйлаб эмлаш ишларини жадаллаштириш зарур.

Абдумалик Сарманов таржимаси