ОТБ: Марказий Осиё давлатларига эътибор катта

ОТБ: Марказий Осиё давлатларига эътибор катта

Ўтган йили Осиё Тараққиёт банки Марказий ва Ғарбий Осиё давлатларига олти ярим миллиард доллардан зиёд маблағ ажратди. Маблағ, биринчи навбатда, коронавирус пандемияси шароитида минтақа давлатларини қўллаб-қувватлашга сарфланди. ОТБ 2020 йил якунларини чиқарди. Пандемия оқибатларини камайтириш мақсадида ташкилот Қозоғистон ҳукумати билан ҳамкорликда бир қанча лойиҳаларни амалга оширди.

Нариман Маннапбеков, Қозоғистондаги ОТБ директори:

- Пандемия бошланганидан кейин атиги 3 ой ўтгач, июнда ОТБ пандемия оқибатларини камайтириш, унинг иқтисодиётга салбий таъсирини имкон қадар чеклаш, соғлиқни сақлаш, ижтимоий бандлик ва аҳолини муҳофаза қилиш мажмуавий чора-тадбирларини молиялаштириш учун ҳукуматга бир миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ тақдим этди. Бундан ташқари, биз бир қанча грант тасдиқладик. Соғлиқни сақлаш ва Меҳнат вазирлигига аҳолининг энг ночор табақалари учун зарур дори-дармон харид қилиш мақсадида 3 миллион доллар ажратилди.

Шунингдек, ОТБ республикага иқтисодиётнинг турли секторларида бир қанча лойиҳалар ишлаб чиқиш учун 7 миллион АҚШ доллари тақдим этди. Унда шаҳар инфратузилмалари, транспорти ва давлат-хусусий ҳамкорлигини ривожлантиришни «яшил» молиялаштириш кўзланган.

Нариман Маннапбеков, Қозоғистондаги ОТБ директори:

- Банк, шунингдек, Миллий иқтисодиёт вазирлигига ҳамжиҳатлик ва КОВИД-19 га қарши кураш жамғармаси учун 1 миллион АҚШ доллари миқдорида грант ажратди. Бу жамғарма доирасида шу кунларда ҳукумат билан ҳамкорликда бизнес ва бандлик соҳасида кўпроқ самара бериши кутилаётган соҳаларда кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш учун иш олиб бориляпти. Бундан мақсад – пандемиянинг меҳнат бозорига салбий таъсирини камайтириш.

Бугунги кунда мамлакатда хусусий соҳада 4 та лойиҳа амалга ошириляпти. Шулардан бири агробизнесда, учтаси энергетикада. Икки лойиҳа айнан қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга қаратилган. Уч йил давомида Қозоғистонда уй-жой, транспорт ва молия соҳасида лойиҳалар татбиқ этилади. ОТБ раҳбарияти бу рўйхат янада кенгайиши мумкинлигини таъкидлади.

Абдумалик Сарманов таржимаси