Қозоғистонда энергия истеъмоли 2050 йилга бориб икки марта камаяди

Қозоғистонда энергия истеъмоли 2050 йилга бориб икки марта камаяди

Энергия самарадорлиги – жаҳон иқтисодиётининг бугунги кундаги асосий тренди. Халқаро Энергетика агентлиги прогнозига кўра, яқин йилларда жаҳон ялпи ички маҳсулоти энергия сиғими 30 фоизга пасаяди. Бунга энергия тежовчи усуллар ва муқобил манбалар ҳисобига эришилади. Қозоғистон ҳам ривожланган мамлакатлардан ортда қолмасликка интиляпти. Энергия тежамкорлиги учинчи форумига келган 20 дан зиёд мамлакат вакиллари шу ҳақда сўз юритди.

Аманияз Ержанов, Қозоғистон Республикаси саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазири ўринбосари:

- 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот энергия сиғимини 2008 йилга нисбатан 30 фоизга, 2050 йилга бориб эса 2 марта камайтириш вазифаси қўйилган. 1,5 мингдан зиёд энергоаудит ўтказилди, энергия тежаш ва самарадорлигини ошириш учун 300 миллиард тенге инвестиция киритилди. Натижада 78 миллиард тенге тежалди. Бу эса Қозоғистон дунёдаги энг ривожланган ўттиз мамлакат қаторига кириши учун муҳим иш йўналиши ҳисобланади.

Маълум бўлишича, мамлакатдаги энергоресурсларнинг деярли ярми энергетикада сарфланади. Катта қисми қайта ишлаш ва тоғ-кон саноатида ишлатилади. Йирик корхоналар қайта тикланувчи манбаларга ўта бошлади. Экспертлар фикрича, оддий қозоғистонликларни ҳам тежамкорликка ўргатиш вақти келди.

Бауржан Смағулов, Электроэнергетика ривожлантириш ва энергияни тежаш институти раиси:

- Бугунги кунда жаҳон кўрсаткичларидан 2 марта кўп энергия сарфлаймиз, бизда энергия кўп керак бўлади. Болаликдан бошлаб иссиқлик, электроэнергия тежашни ўрганиш зарур. Энергия тежамкорлиги маданиятини сингдиришимиз лозим. Саноат корхоналари ҳам, бюджет ташкилотлари ҳам, аҳоли ҳам. Бу иш билан фақат давлат ташкилотлари эмас, республиканинг ҳар бир фуқароси шуғулланиши лозим. Шунда биз кутилгани каби самарага эришамиз.

Ҳозирнинг ўзида самара сезиляпти. Жаҳон банки билан бирга рўёбга чиқарилган лойиҳага кўра, Қозоғистонда энергия самарадорлигига кўра 83 та ижтимоий муҳим объектда модернизация ишлари амалга оширилди. Натижада, 40 фоизгача тежашга эришилган. Шунингдек, энергосамарали технология ва рақамлаштириш жорий этилади. Энергия тежамкорлиги йўл харитаси тасдиқланган. Бу эса иқтисодиётнинг асосий кўрсаткичларидан бири бўлган энергия самарадорлигини юксалтиради.

Абдумалик Сарманов таржимаси