Пойтахтга 11 триллион тенге инвестиция киритилди

Елорда
jana-kezen.kz

Қозоғистон пойтахти – Нур-Султон шаҳри Евроосиёнинг энг рақобатбардош шаҳарларидан бири. Янги мақом олганидан кейин мегаполисга 11 триллион тенгедан зиёд сармоя сарфланди. Шаҳарга киритилаётган сармоя ҳажми йил сайин ортиб боряпти. Жорий йилнинг ўзида 225 миллиард тенгедан зиёд маблағ келди.

Эльдар Гарифуллин, "Astana Invest" инвестицияларни ривожлантириш шаҳар маркази” мчб бошқаруви раиси ўринбосари:

- Қозоғистондаги ҳар икки инвестициявий шартноманинг биттаси Нур-Султон шаҳрига тўғри келади. Нега? Чунки Нур-Султон шаҳрида инвестициявий иқлим жуда қулай. Ҳокимлик, “Астана инвест” компанияси томонидан кўп қиррали иш олиб бориляпти. Ер топиб беришдан тортиб, лойиҳаларни кузатиб боришгача ёрдам бериш кўзда тутилган.

Энг юқори инвестициявий фаоллик кўчмас мулк соҳасида кузатиляпти. Унга 93 миллиард тенге инвестиция қилинди. Транспортга 9 миллиард, улгуржи-чакана савдога 3,7 миллиард маблағ киритилган. Таълим соҳасига эса салкам 5 миллиард тенге сармоя келди.

Эльдар Гарифуллин, "Astana Invest" инвестицияларни ривожлантириш шаҳар маркази” мчб бошқаруви раиси ўринбосари:

- Жорий йилда 16 инвестициявий лойиҳа ишга тушиши кутиляпти. Умумий қиймати 632 миллиард тенге, 2500 та янги иш ўрини очилади. Шу жумладан, жами 4 минг ўринли хусусий ва умумий ўрта таълим мактаблари, ишлаб чиқариш корхоналари, жамоатчилик истироҳат жойлари бунёд этилади.

Энг фаол инвесторлар қаторида Сингапур, Араб Амирликлари ва Туркия ҳам бор. Туркияликлар бир қанча лойиҳаларни амалга оширмоқда. Улар орасида чап соҳилдаги савдо-истироҳат маркази ҳам бор. Иншоот 2 ярим гектар ерни эгаллаган ва келгуси йилда очилиши режалаштирилган.

Атилла Атмажа, «Tuka» мчж бош директори (Туркия):

- Азалдан Қозоғистон ва Туркия халқларини биродарлик ришталари боғлаб туради. Бу алоқалар ҳозир ҳам давом этяпти. Шунинг учун мамлакатлар ўртасида инвестициялар оқими ўсиб боряпти. Лекин ўсиш салоҳияти анча каттароқ ва бундан фойдаланиш зарур. Бунинг учун ҳамма имконият бор. Мамлакатингиз меҳмондўст. Давлат органлари эса барча муаммоларимизни ҳал қилишда ёрдам беради.

Қозоғистоннинг Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига аъзолиги инвесторлар учун янги имкониятлар туғдиради. Ташкилот туфайли ялпи ички маҳсулоти 2 триллион доллардан зиёд бўлган 180 миллион кишилик бозорга кириш мумкин. Жаҳоннинг энг нуфузли тадқиқотлари натижаси бизнес юритиш учун қулай шароит борлигини тасдиқлайди. Ҳозир Жаҳон банкининг DoingBusiness рейтингига кўра Қозоғистон 190 мамлакат қаторида 25-ўринда турибди. Бу рўйхатда юртимиз Испания, Франция ва Нидерландия каби давлатлардан юқорида.

Абдумалик Сарманов таржимаси

×