Қозоғистонда ЯИМ ҳажми ўсмоқда

Қозоғистонда ЯИМ ҳажми ўсмоқда
7kun.kz

Қозоғистонда иқтисодиётнинг реал сектори барқарор ижобий ривожланишга эришмоқда. Январь ва февраль ойларидаги макроиқтисодий кўрсаткичлар  шундан дарак беради. Бу давр мобайнида ЯИМ 2,9 фоизга ўсди. Реал секторда ўсиш 6,3 фоизга чиқди. Шунингдек, машинасозлик, қурилиш материаллари, кимё саноати маҳсулотлари, кийим-кечак, мебель, фармацевтикада ишлаб чиқариш анча кўтарилди. Ҳукуматнинг навбатдаги йиғилишида Бош вазир Асқар Мамин шундай маълумот келтирди. Унинг фикрича, Қозоғистон учун суткалик нефть қазиб олиш ҳажмининг 20 минг баррелга ортиши муҳим. Кўрилаётган чора-тадбирлар тоғ-кон саноатида ўсиш суръатлари етарлича жадаллашувига олиб келади.

Асқар Мамин, Қозоғистон Республикаси Бош Вазири:

– Иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи сифатида йил бошидан буён барқарор ва мунтазам ўсиб бораётган қайта ишлаш саноати, қурилиш, хусусан, уй-жой қурилиши, қишлоқ хўжалигини кўрсатиш мумкин. Хизматлар соҳаси ҳам аста-секин оёққа тураяпти. Тоғ-кон саноатини ҳисобга олмаганда, асосий капиталга киритилган инвестиция ҳажми 13,3 фоизга ошди. Глобал пасайиш шароитида сифатли инвестициялар учун юксак даражада рақобат кузатиляпти. Маҳаллий ва хорижлик инвесторларни фаол жалб этиб, хусусийлаштириш режалари самарали рўёбга чиқарилишига эришиш лозим.

Абдумалик Сарманов таржимаси

×