Қозоғистонда агросаноат ривож топмоқда

Қозоғистонда агросаноат ривож топмоқда
turaninform.kz

Беш йил ичида агросаноат мажмуасида 380 та инвестициявий лойиҳа рўёбга чиқарилади, улар қиймати жами 4 триллион тенгедан зиёд. Айни вақтда, шундан 65 фоизи импорт маҳсулотлар ўрнини тўлдиришга мўлжалланган. Лойиҳалар ўртача йилига 80 тадан, босқичма-босқич ишга туширилади. Шу давр ичида бўрдоқилаш майдончалари, наслчилик хўжаликлари, иссиқхоналар сони ортади, зироатчилик маҳсулотларини қайта ишлаш йўлга қўйилади. Натижада, мамлакатда 500 мингта иш ўрни очилади, дея таъкидланди ҳукумат йиғилишида.

АСҚАР МАМИН, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ВАЗИРИ:

- Мазкур тадбирларни рўёбга чиқариш натижасида 2025 йилга бориб, агросаноат мажмуасида иш самарадорлиги 2,5 марта, маҳсулот экспорти 2 марта ортади, унинг 70 фоизини қайта ишланган маҳсулот ташкил қилади. Ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ҳажми 1,3 марта кўпаяди. Шу билан бирга, 2023 йилга бориб, асосий ижтимоий муҳим товарлар бўйича ички бозор 100 фоиз маҳаллий маҳсулот билан тўлдирилади. Бизнинг асосий мақсадимиз – мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш.

Мамин айтишича, жорий йилда агросаноат мажмуасини ривожлантириш янги миллий лойиҳаси қабул қилинади. 7 та асосий экотизим ривожлантирилади. Улар маҳсулотларни қайта ишлаш, субсидия тизимини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги ширкатлари тузиш, ветеринария, фитосанитария хизматига йўналтирилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.

×