Қозоғистон ва Озарбайжон транзит салоҳияти кенгаймоқда

Қозоғистон ва Озарбайжон транзит салоҳияти кенгаймоқда

Транскаспий халқаро транспорт йўналиши истиқболлари кўзга ташланмоқда. Ғарбнинг Россияга қарши санкциялари сабабли транспорт-логистика тизимида юзага келган вазиятда тадбиркорлар товарлар транзити учун янги йўлларни излаяпти. Қозоғистон, Озарбайжон ва Грузия эса махсус қўшма корхона тузиш ниятида. У юк ташув жараёнларини соддалаштиради, умумий йўл ҳақини ишлаб чиқади, юклар учун декларация топшириш муаммосини ҳал қилади. Шу кунларда «Озарбайжон темир йўллари» мазкур қитъалараро йўналиш бўйлаб Қозоғистондан мазут ташишга киришди.

Илғар Велизаде, «Жанубий Кавказ» политологлар клуби раҳбари:

- Украина атрофида юзага келган таранглик ва беқарор вазиятда Хитой-Европа ўртасида транспорт алоқасини ривожлантиришда мазкур йўналишнинг муқобили йўқ. Унда Қозоғистон ва Озарбайжон алоҳида ўрин тутади. Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда бу йўналиш доирасида фидер-алоқа тобора кенгайиб бормоқда. Шу жумладан, кемалар орқали. Яқинда «Туркистон» пароми қатнай бошлади. Мазкур йўналишда унинг самарадорлиги юқори, юк ташув ҳажмини оширишда ҳиссаси катта.

Минтақа мамлакатлари транзит салоҳиятини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўтган йили Транскаспий йўналишида контейнерларда юк ташув ҳажми 50 фоиздан зиёдга ўсган. 2022 йилнинг икки ойида эса бу кўрсаткич 15 фоизга ошди.

Абдумалик Сарманов таржимаси