Экспертлар махсус иқтисодий зоналар ҳақида

Экспертлар махсус иқтисодий зоналар ҳақида

Самарали ишламаётган махсус иқтисодий зоналарнинг кўпчилиги ёпилиши керак. Фақат даромад келтираётган ва истиқболлилари қолдирилиши лозим. Умуман олганда, лойиҳаларни рўёбга чиқаришга уларнинг узоқ муддат ишлаши ва ички иқтисодиёт учун зарурлигини ҳисобга олган ҳолда мажмуавий ёндашиш зарур. Жаҳон иқтисодиёти ва сиёсати институти эксперти Мағбат Спанов таъкидлашича, махсус иқтисодий зона яратиш давлат бюджети учун жуда серхаражат иш, шунинг учун Давлат раҳбари бу масалага ўз вақтида эътибор қаратди. Институт тадқиқотчиси кўрсатиб ўтишича, Қозоғистон махсус иқтисодий зоналари маҳсулоти аввало юртдошларимиз эҳтиёжини қондириши, шундан кейингина хорижий бозорларга чиқарилиши лозим.

Мағбат Спанов, Жаҳон иқтисодиёти ва сиёсати институти эксперти:

- Мен давлат раҳбариятининг хавотирини тушунаман, бундай зона яратиш учун катта маблағ сарфланади. Чунки инфратузилма яратишни давлат ўз зиммасига олиши зарур. Бизнес унга кириб келади, қандайдир корхоналар барпо этади ва улар ҳамиша ҳам даромад келтирмайди, харажатларни қоплайвермайди. Албатта, бу масала жуда тўғри қўйилган. Ҳукумат, давлат раҳбарияти бюджетни тўлдиришга хизмат қилувчи воситалар топишга интилиши зарур. Яъни маблағ мамлакатда қолиши, четга кетмаслиги устида ўйлаши лозим. Қозоғистон миқёсида олсак, бу жуда вақтида ўйланган ва ечимини талаб қилаётган муаммо, деб ўйлайман.

Таъкидлаш лозимки, аввалроқ Давлат раҳбари Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишини ўтказди. Унда келгуси вазифалар аниқ кўрсатиб берилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев иқтисодиёт ўсиши учун зарур захира излаш масаласини қўйди. Президент махсус иқтисодий зоналарни тартибга келтириш талабини қўйди. Бунга бир ой муҳлат берилди

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Мен уларни рағбатлантириш учун салкам ярим триллион тенге маблағ сарфланган бўлса ҳам махсус иқтисодий зоналарнинг кўпчилиги инвестиция жалб этувчи самарали майдончаларга айланмаганини бир неча марта айтганман. Натижа нима бўлди? Сўнгги уч йилда зоналарда ишлаб чиқарилган товарлар ҳажми ялпи ички маҳсулотнинг 1,5 фоизини, экспортдаги улуши 0,1 фоизни ташкил қилди. Бу ишни тартибга келтириш вақти келди.

Абдумалик Сарманов таржимаси