Ҳукумат иқтисодиётни барқарорлаштириш учун қандай чоралар кўради?

Ҳукумат иқтисодиётни барқарорлаштириш учун қандай чоралар кўради?

Қозоғистон Ҳукумати мамлакатда ижтимоий-иқтисодий вазиятни барқарорлаштириш учун тезкор ҳаракат режасини қабул қилди. Асосий мақсаддан ташқари, ушбу режа қозоғистонликлар ва бизнес субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда улар хавфсизлигига қаратилган. Бу ҳақда Ҳукумат мажлисида Вазирлар Маҳкамаси раиси Алихан Смаилов маълум қилди. У таъкидлаганидек, режа тартибсизликлар натижасида жабр кўрганларга кўмаклашиш, фавқулодда ҳолат тугагунига қадар уларнинг банкдаги қарз муддатини узайтиришни ўз ичига олган. Бундан ташқари, 1 февралгача Қозоғистонда давлат даромадлари органларининг солиқ ва божхона текширувлари тўхтатилади. Умуман, ҳужжат жамоат тартибини тиклаш, ижтимоий ва бошқа инфратузилмалар, ижтимоий масалалар, нарх-наво асоссиз оширилишига йўл қўймаслик каби йўналишлардаги 51 та чора-тадбирдан иборат. Алихан Смаилов бизнес учун юкламаларни камайтириш чораларига алоҳида тўхталди.

Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси Бош Вазири:

- 2022 йилнинг 1 февралига қадар давлат даромадлари органларида солиқ ва божхона текширувлари, камерал назорат хабарлари юбориш тўхтатилади. «Атамекен» Миллий падатаси билан ҳамкорликда Аҳоли даромадини ошириш дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш режалаштирилган. Таъкидлашни истардимки, одамлар даромадини ошириш биз учун энг асосий масала бўлиши керак. Ҳар қандай режа, дастур, биринчи навбатда, қозоғистонликлар даромадини оширишни мақсад қилган бўлиши лозим. Бошқарувнинг барча даражаларида иш самарадорлиги шу кўрсаткичга кўра баҳоланади.

Айни пайтда, Алихан Смаилов уқтирганидек, Ҳукумат инфляция ошишига йўл қўймаслик учун янада чуқур ва тизимли чора-тадбирларни қабул қилиши шарт. Бош вазир Миллий иқтисодиёт вазирлигига давлат органлари билан биргаликда келаси ойнинг 1-санасига қадар Ҳукуматга инфляцияни назорат қилиш ва пасайтириш бўйича мажмуавий чора-тадбирлар киритишни топширди.

Абдумалик Сарманов таржимаси