Хитой билан товар алмашинуви деярли 23 миллиард долларга етган

Хитой билан товар алмашинуви деярли 23 миллиард долларга етган

Мустақиллик йилларида Хитой ва Қозоғистон ўртасидаги товар алмашинуви 60 марта ошган. Агар 1992 йилда давлатлараро маҳсулот алмашинуви жами 368 миллион долларни ташкил этган бўлса, ўтган йил якунларига кўра, бу рақам деярли 23 миллиардга етган. Хитойнинг Қозоғистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Чжан Сяо ёзган «Хитой-Қозоғистон дўстлиги - икки халқнинг бебаҳо бойлиги» сарлавҳали мақолада шундай маълумот келтирилган. Мақола январнинг илк кунларида эълон қилинди. Муаллиф айтишича, унинг ватани 2020 йилда юртимиз иқтисодиётига 21 миллиард Америка валютаси ҳисобида инвестиция йўллаган. Бу маблағлар саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт ва яшил иқтисодиёт соҳасидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Давлатлар ўртасида 5 та доимий чегара пункти, 5 та трансчегаравий нефть-газ трубопроводи, 2 та чегараолди темир йўл линияси ишлаб турибди. Ляньюньгандаги Хитой-Қозоғистон логистик ҳамкорлик базаси Осиё ҳамда Европани боғловчи муҳим тугунга айланди. Таъкидлаш лозим, самарали шериклик Хитойнинг халқаро майдончадаги қудратини мустаҳкамлашга имкон яратди, ҳозирда Осмоности юртининг бошқа давлатларга экспорти триллионлар билан ҳисобланади.

Ли Куйвэнь, ХХР Бош божхона бошқармаси статистика ва таҳлил департаменти директори:

- Долларда ҳисоблаганда, экспорт ва импорт ҳажми 6 триллион 50 миллиардга етди. 2013 йилда бу кўрсаткич илк маротаба 4 триллион доллар чегарасидан ошгач, орадан 8 йил ўтиб, йил давомида 2 марта янги тарихий юксакликка чиқди - аввалига 5, энди эса 6 триллион доллар.

Янь Минь, Давлат ахборот маркази прогнозлаш бўлими макроиқтисодий тадқиқотлар лабораторияси директори:

- Жаҳоний пандемия мунтазам авж олиб турган бир пайтда, Хитой ташқи савдоси яхшиланишда давом этди, сон жиҳатидан бўлганидек, сифат тарафлама ҳам. Кетма-кет 13 йил мобайнида Хитой дунёда энг йирик экспортёр бўлиб қолмоқда ва биз кутганимиздан ҳам кўпроғига эришдик, бу 14-бешйилликнинг ижобий бошланиши.

Абдумалик Сарманов таржимаси