Анжуман: «Етакчилик. Барқарорлик. Тараққиёт»

Анжуман: «Етакчилик. Барқарорлик. Тараққиёт»

Етакчилик, барқарорлик ва тараққиёт – мустақил Қозоғистоннинг шаклланиши, ривожи ва мустаҳкамланишига асос бўлган асосий тушунчалар. Мажилис раиси Нурлан Ниғматулин пойтахтда ташкил этилган халқаро илмий-амалий анжуманда шу ҳақда сўз юритди. Тадбир мамлакат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган. Қуйи палата спикери таъкидлагани каби, Қозоғистон БМТ хавфсизлик кенгашига муваққат аъзо этиб сайланган Марказий Осиёнинг илк давлатидир. Нурлан Ниғматулин Нурсултон Назарбоев яратган давлат сиёсати асослари Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев томонидан муваффақиятли амалга оширилаётгани ҳақида ҳам айтиб ўтди.

Нурлан Ниғматулин, Қозоғистон Республикаси Парламент Мажилиси Раиси:

- Бор-йўғи 30 йил ичида мамлакат Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев бошчилигида Қозоғистон периферик иттифоқ республикасидан жаҳон ҳамжамиятининг тўлақонли аъзоси, минтақавий етакчи, кучли иқтисодиёт ва барқарор жамиятга эга замонавий давлатга айланишга қадар ақл бовар қилмас йўлни босиб ўтди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Элбошининг стратегик йўлини давом эттирган ҳолда, юртимиз жамиятининг барча соҳаларини янгилашга йўналтирилган кенг миқёсли ислоҳотларни амалга оширмоқда.

Анжуман фаолиятида Қозоғистон ва хорижнинг кўзга кўринган давлат, сиёсат ва жамоат арбоблари, олим ва экспертлар иштирок этмоқда. Россия Давлат думаси раисининг биринчи ўринбосари Александр Жуков фикрича, Қозоғистон - бутун Евроосиёдаги интеграциявий жараёнлар локомотиви. У республикамиз мустақиллик йилларида улкан иқтисодий бозор яратишга муваффақ бўлганини ҳам айтиб ўтди. Хусусан, йил сайин қўшни давлатлар билан савдо ҳажми ошмоқда, қўшма корхоналар ишга тушириляпти, меҳнат миграцияси равнақ топаётир. Қозоғистон тан олинган дунё етакчилари сафида.

Александр Жуков, Россия давлат думаси раисининг биринчи ўринбосари:

- Бугун ишонч билан айтиш мумкинки, Қозоғистон давлатчилиги шаклланди. Қозоғистон раҳбарияти кўпвекторли ташқи сиёсат юритмоқда, у тинчлик ва бирдамликни сақлашга йўналтирилган, бу давлатни ҳақли равишда жаҳон ҳамжамиятининг тўла ҳуқуқли аъзосига айлантирган. Биз қозоғистонлик дўстларимизни ютуқ билан қутлаймиз. Иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришнинг қатъий йўлидан давом этамиз.

Хуршида Абдуллаева таржимаси.