Пойтахт саноат парки ривожлантирилади

индустриалды парк
astana.gov.kz

Пойтахт саноат парки ишлаб чиқариш унумдорлиги бўйича жадал ривожланмоқда. Жорий йилнинг 9 ойида пойтахтимиздаги махсус иқтисодий зона саноат корхоналари томонидан 800 миллиард тенгелик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Дарвоқе, ўтган йили улар худди шундай кўрсаткичга 12 ойда эришишга муваффақ бўлганди.

Бақитжан Дўсқазиев, «Астана-Технополис» ПСЗ АЖ бошқарув раиси:

- Ишлаб чиқарувчиларимиз маҳсулоти турли давлатларга экспорт қилинади, биз фақат Россия, Ўзбекистон, Қирғизистон, Озарбайжон каби яқин давлатларнигина таъминламаймиз, ўтган йили Молдовага ҳам маҳсулот етказилди. Айни пайтда Туркияга турли маҳсулотлар индивидуал тарзда юборилмоқда, шунингдек, халқаро бозорда талабгир маҳсулотларимиз Таиландга ҳам жўнатилади, пойтахтда ишлаб чиқариш унумдорлиги фаол ошмоқда.

Саноат зонаси хорижлик инвесторлар учун ҳам очиқ. Бу ерда чет эл капитали иштирокида 17 та корхона ишлаб турибди. Инвесторлар турли-туман давлатлардан. Жумладан, Россия, Хитой, Туркия, Озарбайжон, Польша, Венгрия, Франция, Швейцария, ЖАР ва АҚШдан. Пойтахт саноат парки ҳудудида жами 56 та завод мавжуд, йил охирига қадар яна 5 та янги корхона очилади.

Бақитжан Дўсқазиев, «Астана-Технополис» ПСЗ АЖ бошқарув раиси:

- Умуман, жорий йилда канцелярия маҳсулотлари – биз ишлатадиган файллар, папкалар тайёрлаш заводи, полиэтилен изоляторли қувурлар ишлаб чиқариш заводи ишга туширилди, бир қатор корхоналар муваффақиятли иш бошлади ва ўз маҳсулотларини вилоят эҳтиёжлари ҳамда экспортга етказиб бермоқда. Бугунги кунда «Астана – янги шаҳар» саноат зонаси жами 13 та махсус иқтисодий зона умумий ҳажмининг тахминан 75 фоизини ишлаб чиқармоқда.

Таъкидлаймиз, Нур-Султонда иккита махсус саноат зонаси: «Астана – янги шаҳар» ва «Астана-Технополис» ишлаб турибди. Биринчиси 2002 йилда тузилган ва икки қисмдан иборат: маъмурий-амалий ва ишлаб чиқариш қисми – саноат парки. Иккинчиси уч йил олдин очилган. У фанга ва уни тижоратлаштиришга йўналтирилган.

Хуршида Абдуллаева таржимаси

×