Қозоғистон Республикаси ҳукумати сув захираларидан фойдаланиш масаласини муҳокама қилди

Сув тежовчи технологиялар ва сув харжини камайтириш. Ҳукуматда сув захираларидан самарали фойдаланиш масаласи кўриб чиқилди. Бош вазир Асқар Мамин айтишича, бу - сув манбаларидан фойдаланиш чора-тадбирлари лойиҳасида акс эттирилган.

АСҚАР МАМИН, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ВАЗИРИ:

- Сув захираларини бошқариш давлат дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди.  Мазкур ҳужжат сув инфратузилмалари қуриш, уларни модернизация қилиш ва такомиллаштириш, тежамли суғориш технологияларини жорий этиш, сувни ҳисобга олиш ва тақсимлашни рақамлаштиришни кўзда тутади. Бундай чора-тадбирлар сув исрофини кескин камайтириш имконини беради.

Қозоғистонда ишлатиладиган сувнинг 65 фоизи агросоҳага тўғри келади. Сув тақчиллигини камайтириш учун қатор чора-тадбирлар таклиф этилмоқда. Шу жумладан, кўп сув талаб қиладиган экин майдонлари қисқартирилади.

МАҒЗУМ МИРЗАҒАЛИЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЭКОЛОГИЯ, ГЕОЛОГИЯ ВА ТАБИИЙ ЗАХИРАЛАР ВАЗИРИ:

- Айни вақтда, камида 750 минг гектар майдонда сувни тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш лозим. Бу эса ўртача 30 фоиз, ёки 2,2 куб километр сувни тежашга олиб келади. Шунингдек, 6000 километр масофада суғориш тармоқларини реконструкция қилиш, 119 та асосий магистрал канални рақамлаштириш натижасида йилига 2 куб километр  сув тежалади. Ушбу мақсадларда келгуси 5 йил мобайнида республика бюджети ва халқаро молия ташкилотларидан 192 миллиард тенге жалб қилинади.  

Мағзум Мирзағалиев айтишича, ўн йил давомида Қозоғистонда 3,6 куб километр оби ҳаёт тўпланадиган 39 та янги сув омбори бунёд этилади. Улар 70 та аҳоли манзилгоҳида тошқинлар юз бериши хавфини камайтиради.