Бахитжан Байқадамов хотирасига ёдгорлик ўрнатилди

Бахитжан Байқадамов хотирасига ёдгорлик ўрнатилди

Мусиқа даҳоси хотирасига. Гуанчжоу шаҳрида бастакор Бахитжан Байқадамов хотирасига монумент ўрнатилди. Хитойлик ҳайкалтарошлар машҳур қозоғистонлик ёнида бастакор Сянь Синхайни тасвирлаган. Улар кўп йиллар давомида дўст бўлган, ҳар иккаласи санъат соҳасида катта из қолдирган.

Беимбет Демеуов, Б. Байқадамов номли давлат хор капелласи бадиий раҳбари:

- Ташкилотимизга Бахитжан Байқадамов номи берилганидан мамнунмиз. У қозоқ хор мусиқаси, қўшиқ маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган. Хитойда бўлдик. Бу мамлакат бизга жуда ёқди. Тингловчилари нозик дидли. Сян Синхай асарларини икки марта ижро этдик. «Сариқ дарё» кантатаси, «Кунчиқар вақти» асарини куйладик.

Шуни айтиш керакки, Бахитжан Байқадамов номи «Композитор» фильми туфайли Хитойда машҳур. Уни икки давлат ижодкорлари тайёрлаган, асар 2 йил муқаддам экранларга чиққан. Картинанинг бир қисми икки буюк бастакор учрашган Алматида суратга олинган. Фильм Сян Синхайнинг СССРдаги ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади.

Қуаниш Ахметов, «Композитор» фильми ижрочи продюсери:

- Хитойда суратга олиш ишлари бошланганида продюсеримиз Жонтан Шен Хитой телеканалларига интервью берганди, у айтган сўзлар менга катта таъсир кўрсатди, манзур бўлди. Продюсер “хитойликлар яхшиликни унутмайдиган халқ”, деганди. Ушбу фильм Байқадамов тимсолида қозоқ халқининг хитой халқига кўрсатган ёрдамини эслатади.

Таъкидлаш лозимки, Қозоғистонда Сянь Синхай 300 дан зиёд асар ёзган. Байқадамовлар оиласининг қадрдон дўстига айланган. Ўнлаб йиллар давомида бу ришталар узилмаган. Буюк бастакорлар авлодлари ҳозир ҳам бу дўстликни давом эттирмоқда.

Абдумалик Сарманов таржимаси