Қозоғистонда янги от зотлари яратилмоқда

жылқы
lh3.googleusercontent.com

Қозоғистонда янги Ақжайиқ зотини чиқариш режалаштирилган. Ҳозир селекционерлар шу йўналишда иш олиб боряпти. Бунинг учун олимлар қозоқ жаби ва муғалжар зотларини чатиштирган. Янги зотга мансуб арғумоқлар чидамли, сермаҳсул бўлиши, хорижнинг зотдор айғирларидан қолишмаслиги мўлжалланган.

Жанқабил Сатпаев, деҳқон хўжалиги раҳбари:

- Биз қозоқ зотини муғалжар билан чатиштириш орқали янги зот вужудга келишини кўзлаб ишлаяпмиз. Энг яхшиларини танлаб оламиз. Мақсадимиз шу кунгача кузатилмаган сифатларга эга янги зот чиқариш. Яна бир йўналиш – қозоқ оти ва инглиз зотини чатиштириш. Бу ишлар аслида бир кунлик тадбир эмас. Йиллар керак бўлади.

Ушбу хўжаликда жами 3 минг бош йилқи боқилади. Катта қисмини жаби қозоқ зотига мансуб биялар ташкил қилади. Уларни минса бўлади, инжиқлик қилмайди, лекин кўпроқ сути ва гўшти учун етиштирилади. Муғалжар зоти эса серпуштлиги, самарадорлиги ва чидамлилиги билан ажралиб туради. Янги Ақжайиқ типи ана шу зотларнинг энг яхши жиҳатларини ўзига олади, дейди селекционерлар.

Алтай Зейнуллин, селекционер:

- Янги зот олиш учун аввалига жабини кушум зоти билан чатиштирдик, сўнгра иммунитетини кучайтириш, мослаштириш учун муғалжар зоти билан чатиштирдик. Бу зотларнинг ҳаммаси маҳаллий ҳисобланади. Бир йил давомида улар яйловга мослаштирилди. Тирик вазни ортди. Биз маҳсулдорликни кутилган даражага кўтариш билан бир вақтда ушбу жониворларни яйловда яшашга мослаштиришга эришдик.

Селекционер фикрича, янги гўштбоп ва сутбоп зотлар яратиш – экологик тоза маҳсулот ишлаб чиқаришда янги қадам бўлади, уларнинг озиқ-овқат сифатидаги қиймати юксалади.

Абдумалик Сарманов таржимаси

×