«100 янги ном» ғолиблари: Айгерим Карибаева

«100 янги ном» ғолиблари: Айгерим Карибаева

Замонавий буюмларга қўйилган шарқ принтлари. Иллюстратив графика услубида чизилган миллий эртак қаҳрамонлари тасвири туширилган холстлар. Этник мотивдаги аёллар аксессуарлари. Булар – «Қозоғистоннинг 100 янги номи» миллий лойиҳаси ғолибларидан бири бўлган рассом, дизайнер ва замонавий иллюстратор Айгерим Карибаева ижодидан ўрин олган. Асарларининг ҳар бири она юрт маданияти ва тарихини қадрлаш кераклигидан далолат беради.

Айгерим Карибаева, рассом, дизайнер ва график иллюстратор:

- Маиший ҳаёт, интерьер, кийим-кечак буюмлари. Мен учун уларнинг ҳар бири бениҳоя чиройли, бирорта кашта тикилган чопон ёки оёқ кийими ҳам шундай. Мен учун ҳар бирининг ўз кўрки бор. Асарларимда уларни замонавий шаклда қайта тақдим этиш орқали маданиятимизга юртдошларимиз ва хорижлик харидорлар эътиборини тортаётганимни тушунаман.

Буюк Даштнинг ўзига хос ва бой маданияти, номадлар тарихий мероси кўпдан буён Айгерим учун илҳом манбаига айланган. 100 дан зиёд картинасида қозоқ халқининг турли даврлардаги ҳаёти акс этган. Энг қадимий даврлардан замонамизгача. Миллий колорит ва замонавий, бугунги кунда трендга кирган ранг ва бўёқлар берилган. Таъкидлаш лозимки, ижодкор ишларига талаб дунё миқёсида геометрик прогрессияда ортиб бормоқда.

Айгерим Карибаева, рассом, дизайнер ва график иллюстратор:

- Бугунги кунда сайтим орқали сотув авжига чиққан, жаҳоннинг 50 дан зиёд мамлакатига маҳсулот жўнатаман. Бу нарса асосий миссиям, мен ўз ижодим орқали маданиятимизни оммалаштираман. Асарлар Европа, АҚШ, Осиё давлатлари, қўшни мамлакатларда сотиляпти. АҚШ, Лондон, Париж, Гонконг шаҳарларига жўнатилди.

Айгеримнинг фикрича, «100 янги ном» танловида қатнашиш қозоғистонликлар учун танилиш имкониятидир. Айни вақтда, улар ўз муваффақияти мисолида маданиятимиз ва илдизларимизга эътиборини намоён этиши мумкин.

Абдумалик Сарманов таржимаси